«Қизилқум» жамоаси бу мавсумни барқарор ўтказа олмаяпти. Шунга қарамай, жамоа турнир жадвалида 10-ўринда бормоқда. Жамоа етакчи ўйинчиларидан бири бўлган Исломбек Кенжабоев Tribuna.uz учун интервю берди. Унда турли мавзулар ҳақида сўз юритди.
- Исломбек, аввало бу мавсумда жамоангизнинг иштирокига муносабатингиз қандай?
- Менимча, мавсум давомида яхши ўйинлар ҳам, камчиликлар ҳам бўлди. Албатта, бундан ҳам яхшироқ натижа қилишимиз мумкин эди. Ҳозир эса асосий эътиборимиз қолган учрашувларда максимал натижа кўрсатишга қаратилган. Жамоа сифатида ҳар бир ўйинга бор кучимизни беришга ҳаракат қиляпмиз. Ишонаманки, мавсумни янада юқори ўринлардан бирида тугата оламиз. Бунга жамоанинг кучи ва салоҳияти етади.
- Айнан нечанчи ўринда тугатишни мақсад қилгансизлар?
- Асосий мақсадимиз чемпионатни имкон қадар юқори ўринда якунлаш. Бунинг учун ҳар бир учрашувда максимал очко олишимиз керак. Жамоада яхши муҳит бор ва ҳаммамиз бир мақсад йўлида ишлаяпмиз.
- Қолган 8 та беллашувда неча очко олишни мўлжал қиляпсизлар?
- Аниқ рақам айтишдан кўра, қолган барча ўйинларда максимал очко олишни мақсад қилганмиз. Ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга тушамиз. Қанча кўп очко олсак, мавсумни шунча яхши натижа билан якунлаймиз.
- Бу мавсумда ўзингингизнинг ўйинларингиздан қанчалик қониқиш ҳосил қиляпсиз?
- Шахсан ўзим учун ҳам бу мавсумда яхши ва қийин даврлар бўлди. Жароҳатлар сабаб айрим учрашувларни ўтказиб юборган пайтларим ҳам бўлди. Лекин ҳозир ўзимни янада яхши ҳолатга олиб келиш ва жамоага максимал фойда келтиришга ҳаракат қиляпман. Ўзимдан ҳали кўнглим тўлган деб айта олмайман, чунки бундан ҳам яхшироқ ўйнашим ва жамоага кўпроқ ёрдам беришим мумкин. Қолган ўйинларда ўз имкониятимни тўлиқ кўрсатишга ҳаракат қиламан.
- Фабио Каннаваро Эронга қарши баҳс олдидан ва кейин ҳам миллий жамоа эшиклари барча учун очиқлигини айтди. Агар ким юқори спорт формада бўлса, уни йиғинларга жалб қилишини таъкидлади. Сиз ҳам Ўзбекистон миллий жамоасига чақирув олишни ўйлаяпсизми?
- Албатта, ҳар бир футболчи учун миллий жамоада ўйнаш энг катта орзулардан бири. Мен ҳам Ўзбекистон либосида ўйнашни жуда хоҳлайман. Ўзимни бунга тайёр деб ҳисоблайман. Агар мураббийлар штаби менга имконият берса, ишончни оқлаш учун бор кучимни бераман. Лекин якуний қарор, албатта, мураббийларга тегишли. Мен эса ўз устимда ишлаб, ҳар бир ўйинда ўзимни кўрсатишда давом этаман.
- Келажакдаги фаолиятингизни «Қизилқум»га боғлайсизми ёки келаси мавсумда сизни бошқа жамоада кўришимиз мумкинми?
- Ҳозирча менинг асосий эътиборим «Қизилқум» билан мавсумни яхши якунлашга қаратилган. Клубда ўзимни яхши ҳис қиляпман ва жамоага имкон қадар кўпроқ фойда келтиришни хоҳлайман. Келажакда қандай қарор бўлишини эса вақт кўрсатади. Албатта, футболчи сифатида ривожланишим ва юқори даражада ўйнашим учун яхши имкониятларни ҳам кўриб чиқаман.