«Бавария» клуби «Барселона» ва Франция миллий жамоаси ҳимоячиси Жюл Кундега қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Sport.es хабар берди.
Манбага кўра, Мюнхен клуби Кунде билан шартнома имзолаш вариантини жиддий кўриб чиқмоқда. Бироқ бу трансфер «Бавария» муҳим футболчиларидан бирини сотган тақдирдагина амалга ошиши мумкин.
Қайд этилишича, Мюнхен клуби Ким Мин Жэ билан хайрлашишга тайёр. Жанубий кореялик ҳимоячига бир қатор клублар қизиқиш билдирмоқда ва трансфер қиймати тахминан 40 миллион еврони ташкил этиши мумкин. Унинг хизматларига «Тоттенҳэм», «Астон Вилла» ва «Милан» даъвогарлик қилмоқда.
Кунде бу мавсумда барча турнирларда 5 та учрашувда майдонга тушди. Футболчининг «Барселона» билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt маълумотларига кўра, Жюлнинг бозордаги қиймати 60 миллион еврони ташкил этади.