«Андижон»нинг грузиялик таянч яримҳимоячиси Александр Андроникашвили ўз ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонгани шубҳасиз. Шу боис у жамоада ўз ўрнига эга бўлди. Бироқ футболда жароҳат деган ёқимсиз ҳолат ҳам бўлиб, бу ҳар бир ўйинчи билан содир бўлиши мумкин.
Афсуски, Андроникашвилида ҳам айнан жароҳат юз берди ва натижада даволаниш учун Грузияга йўл олишига тўғри келди. Унга оёғидаги чов соҳасининг яллиғланиш синдроми ташхиси қўйилган бўлиб, футболчи айнан шу йўналишда даволаниш жараёнида. Эътиборлиси, Грузия миллий жамоаси шифокори футболчимизни даволамоқда. Албатта, клуб шифокори ҳам футболчи билан доимий алоқада ва назорат қилиб бормоқда.
Ўз навбатида Александр Андроникашвили жароҳати бўйича Tribuna.uz нашри учун интервю берди.
- Сандро яхшимисиз? Жароҳатингиз сабабли Грузияда даволаниб келмоқдасиз. Айтинг-чи, даволаниш жараёни қандай давом этмоқда?
- Ассалому алайкум. Ҳа, ҳозир Грузиядаман ва энг яхши шифокорлар назорати остида реабилитация жараёнини ўтаяпман. Барча зарур муолажаларни олмоқдаман. Бунинг сабаби — Андижонда бундай имкониятлар мавжуд эмас
- Аслида бу жароҳат қачон содир бўлганди?
- Бу жароҳатни Урганчнинг «Хоразм» жамоасига қарши ўйинда олганман.
- Умуман олганда, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз ва жамоага қачон қўшиласиз?
- Ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Аллақачон реабилитация машқларини бошладим. Яқин орада жамоа билан машғулотларга киришишимга умидим катта. Албатта, бу реабилитация жараёни қандай кечишига боғлиқ.
- Мухлислар сизни қўллаб-қувватлаган ҳолда тезроқ қайтишингизни кутишмоқда. Улар учун нима дея оласиз?
- Мухлисларга чуқур миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки уларнинг улкан қўллаб-қувватлашини доимо ҳис қилиб тураман. Майдонга қайтиб, уларга қувонч улашишни интиқлик билан кутяпман. Ўйлайманки, дунёнинг энг буюк клублари ҳам шундай мухлисларга эга бўлишни орзу қилса керак.
- Олдин ҳам шундай жароҳат билан даволанганмисиз?
- Ҳа, аввал ҳам шунга ўхшаш жароҳат олганман. Шунинг учун тезроқ тикланиш ва имкони борича тезроқ жамоага ёрдам бериш учун қандай даволаниш кераклигини яхши биламан.
- Ҳозирда қандай муолажа ва реабилитация жараёнларини оляпсиз?
- SIS
TECAR
US Therapy
EMS
Manual Therapy
Kinesiotherapy
PRP
Изоҳ:
SIS — юқори интенсивликдаги электромагнит стимуляция терапияси
TECAR — TECAR-терапия, тўқималарни тиклаш ва қон айланишини яхшилашга қаратилган физиотерапия
US Therapy — ультратовуш терапияси
EMS — электромиостимуляция
Manual Therapy — мануал терапия
Kinesiotherapy — кинезиотерапия, ҳаракат ва махсус машқлар орқали реабилитация
PRP — тромбоцитларга бой плазма терапияси
Шунингдек, «Андижон» клуби шифокори Олимжон Неъматов Андроникашвилининг жароҳати ҳақида шундай деди:
«Андроникашвилига қўйилган диагноз — ARS синдроми. Бу жароҳатни тезда даволаб юборишнинг аниқ ва қисқа йўли йўқ. Фақат дори-дармонлар билан уни қисқа вақт ичида бартараф этиб бўлмайди.
Бундай жароҳат комплекс терапия асосида даволанади. Даволаш жараёнида асосий эътибор ЛФК ва махсус, яъни специфик машқларга қаратилади. Қолган муолажалар эса асосан симптоматик даволашдан иборат. Андижонда эса PRP ва TECAR терапияси каби даволаш усулларидан фойдаланиш имконияти бўйича айрим муаммолар бор.
Умуман олганда, бу жароҳатни даволаш маълум вақт талаб қилади. Бунинг асосий сабабларидан бири — ушбу соҳанинг анатомик жиҳатдан ўзига хос хусусиятларга эга эканидир», - дея футболчи ва шифокорнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Александр Андроникашвили: «Дунёнинг энг буюк клублари ҳам шундай мухлисларга эга бўлишни орзу қилса керак»
Эксклюзив
29 сентябр, 17:51
Андроникашвили жароҳати бўйича Tribuna.uz нашри учун интервю берди.
Фото: Андижон ПФК