«Андижон» клуби «Бобур арена»да «Хоразм»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва навбатдаги уч очкони ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Учрашувдан кейин ғолиб жамоа устози Ислом Ғуломович Аҳмедов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Бугунги ғалаба билан барча андижонлик мухлисларимизмин чин қалбимиздан табриклаймиз. Ўйинга келсак, осон кечмади. Бундан буёғига ҳам жамоалар етарлича қаршилик кўрсатишади. Осон учрашувларни ўзи йўқ. Бу нимадан далолат? Барча клублар кучайиб боряпти. Шунинг учун бу учрашувни осон бўлмаслигини олдиндан билгандик. Шу сабабли футболчиларга тушунтирдик. Уларга раҳмат айтамиз, мувозанатни йўқотмасдан охиригача ҳужумкор ўйнашга ҳаракат қилишди. Ҳимояланаётган жамоага гол уриш жуда ҳам қийин. Лекин қанотларни ўзгартирдик ва охирида рақиб дарвозасига йўл топа олдик.
- Жамоа «Нефтчи» билан яхши ўйнаганди. Охирги иккита турда эса креативлик етишмагандек. Рақибга мослашиб ўйнаётгандек таассурот уйғотяпти. Кучлиларга қарши кучлироқ ва ўртаёминаёларга қарши шунга яраша ўйнаётгандек…
- Ундай демаган бўлардим. Чунки ҳозир айтганимдек, кучсиз жамоани ўзи йўқ. «Хоразм»ни ўйинларини ҳам таҳлил қилганимизда жуда яхши ўйин кўрсатишган. Кучсиз деб ҳисобламайман. Ҳимояланаётган жамоага қарши ўйнаш қийинроқ. Очиқ, ҳужумкор ўйнайдиган клубларга қарши беллашувларда бизда вазиятлар кўпроқ бўлади. Чунки олдинга ўтаётганда орқада бўш ҳудудлар пайдо бўлади. Ҳимоявий ўйнаётган жамоаларни ёриб ўтиш бироз қийинроқ кечяпти.
- «Хоразм» биринчи дақиқадан беш нафар ҳимоячи билан ўйнади. Ҳар бир жамоада А ва Б режалар бўлади. Иккинчи бўлим бошиданоқ икки нафар ҳужумчи билан ўйнаса бўлмасмиди?
- Режамизда бор эди. Ўйинни бошидан ўзгартириб юборадиган бўлсак, ўхшамай қолиши мумкин. Чунки марказни бериб қўйишимиз ҳеч гап эмасди. Ундай бўлса, тўпни назорат қила олмай қолишимиз ҳам мумкин эди. Агар гол урмайдиган бўлсак, яна иккинчи ҳужумчини ҳам тушириш режамизда бор эди.
- Захирадан майдонга тушган ўйинчилардан кўнглингиз тўлган бўлса керак. Ғалабага Черан, Сулаймонов, Боаке каби футболчилар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишди…
- Захирадан майдонга тушиб ўйинни янада кучайтириб беришяпти, кўнглимиз тўлди. Ғалабага юқори ҳиссасини қўшишди.
- Шохмалик Комилов захирада қоляпти. Буни сабаби нимада?
- Шохмалик жуда иқтидорли ўйинчи. Имконият бўлади. Очиғи, бизда марказда рақобат жуда кучли. Шохмалик машғулотларда ўзини яхши кўрсатяпти. Албатта, унга ҳам имконият берамиз.
- «Андижон» U21 иштирокидаги ўйинларда негадир асосий жамоа мураббийлар штабини кўрмаймиз…
- Доим Ютуб тармоғи орқали ўйин тўғридан-тўғри эфирга узатилади ва биз кузатиб борамиз. Қолаверса, учрашувдан кейин шахсан ўзим ўйинни яна такроран кўриб чиқаман. Мураббийлар билан бу хусусида маслаҳатлашамиз, гаплашамиз. Улар назоратсиз қолмаган. Доим ёшлар жамоамиз ўйинларини ҳам таҳлил қиламиз. Фақат бизда ўйиндан бир кун олдинги машғулотимиз кўпинча ўйин вақтига тўғри келиб қолаётгани учун бора олмаяпмиз. Лекин албатта, вақт топамиз.
- Муҳаммадкарим Тоиров қайдномада кўринмади…
- Кечаги машғулотимизда микрожароҳат олиб қолди. Худо хоҳласа, «Пахтакор» билан ўйингача сафга қайтади, деган умиддамиз», - дея Ислом Аҳмедовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.