«Милан»нинг собиқ спорт директори Игли Таре Рафаел Леау билан ишлаган даври ва футболчининг ўйинга муносабати ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, португалиялик ҳужумчи футболдан ташқаридаги машғулотларига кўпроқ эътибор қаратган.
«Мен Леау ҳақида фақат ташқаридан билардим. У билан яқиндан танишиш имконияти туғилганида, унинг ноодатий шахс эканини англадим. Инсон сифатида унга муносабатим жуда яхши эди. Бироқ у ҳаммамиз кўпроқ нарса кутган футболчилардан бири бўлган. Менимча, футбол унинг учун устувор йўналиш бўлмай қолди.
Рафаел, эҳтимол, футболдан ташқаридаги ҳаётига — мусиқа, мода ва шу каби нарсаларга кўпроқ эътибор қарата бошлади. Унинг «Милан»ни яхши кўришига ҳеч қачон шубҳа қилмаганман. Барқарор ўйнай олмаганида қийналаётгани кўриниб турарди. Унда соғлиғи билан боғлиқ кўплаб муаммолар бўлган, шу сабабли у доимо имкониятлари чегарасида ҳаракат қиларди.
Мен Леау билан бошқа «Милан» футболчиларига қараганда кўпроқ индивидуал суҳбатлар ўтказишга ҳаракат қилардим. Ҳар сафар ундан кўпроқ нарсага эришиш истагини сезардим. Аммо баъзида истакнинг ўзи етарли бўлмайди», — дея Таренинг сўзларини келтиради Sky Sport Italia.
Маълумот учун, Рафаел Леау ҳозирда «Галатасарой» сафида фаолият олиб бормоқда.