Хитойда «Ан Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду музейининг илк филиали иш бошлади. A Bolа нашрининг хабар беришича, экспозиция Шанхайдаги 1-сонли савдо марказида жойлашган.
Музей кириш қисмида Португалия миллий жамоаси либосидаги 41 ёшли футболчининг етти метрли ҳайкали ўрнатилган. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу футболчининг дунёдаги энг баланд тўлиқ бўйли ҳайкали ҳисобланади. Унда Роналдунинг машҳур гол нишонлаш ҳаракати акс эттирилган.
Музейда футболчининг фаолият йўлини болалик давридан бошлаб жаҳон миқёсидаги шуҳратга эришгунига қадар кузатиш имконини берувчи 10 та тематик ҳудуд ташкил этилган. Улар орасида «Спортинг» академиясидаги ётоқхона хонаси, яшаш хонаси, кийиниш хоналари ҳамда «Ан Наср» стадиони трибунаси остидаги туннелнинг қайта яратилган кўринишлари бор.
Футболчининг туғилиб ўсган шаҳри Фуншалдан Шанхайга 50 дан ортиқ экспонат олиб келинган. Улар орасида совринлар, ўйин либослари ва бутсалар мавжуд. Тўпламнинг асосий экспонатлари қаторидан Роналдунинг 2008 йилда қўлга киритган «Олтин тўп» соврини, Европа чемпионлиги кубоги, майдонга тушган бутсаларидан бири ҳамда «Реал» сафидаги 350-голига бағишланган либос ўрин олган. Ушбу либосда Зинедин Зидан ва жамоа футболчиларининг дастхатлари бор.
Шунингдек, Шанхайдаги музей учун махсус тайёрланган, Роналдунинг шахсий дастхати туширилган либос ҳам экспозицияга қўйилган.