Бугун, 20 май куни Европа лигаси финал ўйини бўлиб ўтади. Унда «Астон Вилла» клуби «Фрайбург»га қарши беллашади.
Истанбул шаҳридаги «Тюпреш» стадионида мезбонлик қиладиган қарама-қаршиликни Франсуа Летексе бошчилигидаги франциялик ҳакамлар бригадаси бошқаради.
Эмери Европа лигаси қиролими?
Испаниялик мутахассис Европа лигасида ғолиб чиқиш бўйича мутахассис ҳисобланади. У аллақачон 4 марта ушбу турнир ғолиби бўлган — уч бор «Севиля» билан, яна бир бор «Вилярреал» билан. Эндиликда «Астон Вилла» билан 5-соврин сари ҳаракат қилмоқда.
Албатта, ҳозирда унда бунинг учун яхши имконият бор. Аслини олганда Эмери ўртамиёна жамоаларда муваффақиятли ишлашга одатланган. «Арсенал»даги фаолияти кўнгилгагидек чиқмади. Аммо «Севиля» ва «Вилярреал»да жамоани соврин сари етаклай олди. Бирмингҳэмликларни ҳам топ жамоалар сафига олиб кирди ва жамоа мухлислари кутган узоқ йиллик совринга эришишга яқин.
Жамоалар қачон соврин ютган?
«Фрайбург» ўз тарихида илк бор еврокубоклар финалига чиқди. Дарҳақиқат шундай. Бундеслигада ҳам камтарона бюджетга эга жамоалар сирасига киради. Тарих ёзиши мумкин. Бунинг учун «Астон Вилла»ни енгиши керак.
«Астон Вилла» сўнгги бор 1996 йилда Англия кубогида ғолиб чиққан. 1982 йилда эса ўша вақтлардаги Европа Чемпионлар кубогини ютган. Шундан бери бирмингҳэмликлар Англиянинг ўртамиёна жамоаларидан бири бўлиб келмоқда.
Жамоаларнинг финалга қадар босиб ўтган йўли:
«Фрайбург»: «Брага» (3:1, 1:2), «Селта» (3:1, 3:0), «Генк» (5:1, 0:1), «Лилл» (0:1), «Маккаби» (1:0), «Залцбург» (1:0), «Виктория» (0:0), «Ницца» (3:1), «Утрехт» (2:0), «Болоня» (1:1), «Базел» (2:1)
«Астон Вилла»: «Ноттингҳэм Форест» (4:0, 0:1), «Болоня» (4:0, 3:1), «Лилл» (2:0, 1:0), «Залцбург» (3:2), «Фенербаҳче» (1:0), «Базел» (2:1), «Янг Бойз» (2:1), «Маккаби» (2:0), «Иглз» (1:2), «Фейеноорд» (2:0), «Болоня» (1:0).
Тахминий таркиблар:
Фрайбург – Атуболу, Кюблер, Гинтер, Линхарт, Трой, Эггештайн, Бесте, Манзамби, Хёлер, Грифо, Матанович.
Астон Вилла – Мартинес, Кэш, Конса, Торрес, Дин, Линделёф, Тилеманс, Макгинн, Рожерс, Буэндия, Уоткинс.
«Мен турнирнинг қироли эмасман»
«Астон Вилла» бош мураббийи финал олидан ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
«Мен бу турнирнинг қироли эмасман. Ҳозир «Астон Вилла» билан фаолиятимда янги саҳифа очилди. Илгари бўлган воқеаларнинг барчаси ўтмишда қолди. Эртага ҳозирги жамоам билан ва айни дамдаги рақибга қарши баҳсда ғалаба қозонишимиз керак», — деди испаниялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, «Фрайбург» – «Астон Вилла» учрашуви Тошкент вақти билан соат 23:59 да бошланади.