Европа профессионал футбол лигалари ассоциацияси (European Leagues) FIFA бошқарув тизимида ислоҳотлар ўтказилмагунча ташкилотнинг мавжуд мусобақаларни кенгайтириш ёки янги турнирлар ташкил этиш бўйича қарорларини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Бу ҳақда ассоциация расмий баёнот эълон қилди.
European Leagues FIFA президенти Жанни Инфантинонинг FIFA Forward Enterprise (FFE) компаниясини ташкил этиш ва Жаҳон чемпионати билан боғлиқ тижорий ҳуқуқларнинг бир қисмини хусусий инвесторларга таклиф қилиш режасидан воз кечганини «ягона мантиқий қарор» деб баҳолади. Бироқ ассоциация мазкур ташаббуснинг ўзи ҳам, уни муҳокама қилиш жараёни ҳам FIFA бошқарувида жиддий муаммолар мавжудлигини намоён этганини таъкидлади.
Баёнотда қайд этилишича, FFE лойиҳаси бекор қилинган куннинг ўзида FIFA миллий ассоциацияларга 2030 йилги Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 64 тагача ошириш имкониятини ўрганиш бўйича таклиф юборган.
European Leagues фикрича, бу масала учун атиги тўрт ҳафталик муҳокама муддати белгилангани ва лигалар, клублар ҳамда футболчилар билан маслаҳатлашилмагани қарор қабул қилиш жараёнининг шаффоф эмаслигини кўрсатади.
Ассоциация FIFA бир томонлама қарорлар қабул қилиш амалиётидан воз кечиши кераклигини таъкидлади. Баёнотда, шунингдек, ташкилотда бошқарув ислоҳоти ўтказилиб, футболдаги барча манфаатдор томонларга қарор қабул қилиш жараёнида расмий иштирок этиш имконияти яратилиши талаб қилинган. European Leagues бу муаммолар туфайли 2024 йил октябрь ойида FIFAнинг бир вақтнинг ўзида ҳам тартибга солувчи орган, ҳам тижорат ташкилоти сифатида фаолият юритаётгани юзасидан Европа комиссиясига шикоят киритганини ҳам эслатиб ўтган.