2026 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма олган Эрон миллий жамоаси АҚШ ва Исроил иштирокидаги можаро кескинлашгани сабаб мусобақада иштирок этишдан воз кечиши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий футбол федерацияси раҳбари Меҳди Тож хабар берди.
«Бугун содир бўлган воқеалар, АҚШ ҳужуми муносабати билан жаҳон чемпионатига умид билан қарашимиз қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу масала бўйича қарорни спорт раҳбарлари қабул қилиши керак», — деди Тож.
Маълумот ўрнида, Эрон гуруҳ босқичидаги барча учрашувларини АҚШда ўтказиши керак. Уларнинг рақиби Янги Зеландия, Белгия ва Миср миллий жамоалари ҳисобланади.
Шунингдек, эронликлар 1/16 финалда АҚШга қарши майдонга тушиши эҳтимоли ҳам бор, бу эса ФИФА учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Аввалроқ FIFA бош котиби Эрон ҳақидаги янгиликларни ўқигани ва воқеалар ривожини кузатиб боришини айтиб ўтганди.