«Челси» клуби раҳбариятдаги ўзгаришлар фонида ўзининг расмий сайтида баёнот эълон қилди. Аввалроқ америкалик бизнесмен Тодд Боули клуб директорлар кенгаши раиси лавозимини тарк этганди.
Клубда ушбу ўзгариш «Челси» тарихидаги янги босқичнинг бошланиши экани таъкидланди. Шунингдек, раҳбарият клуб ривожига ҳисса қўшган ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
«Бизнинг мақсадимиз аниқ: энг юқори даражада рақобатлашиш, йирик совринларни қўлга киритиш ва барқарор муваффақиятга эришиш», — дейилади баёнотда.
«Челси» раҳбарияти мухлисларни клубнинг энг муҳим қисми сифатида қайд этди. Шунингдек, жамоа келажакда ҳам мухлисларнинг фикрларини тинглашга ва улар фахрланадиган клубни қуришга интилишини билдирди.
«Майдондаги муваффақият ҳар доим бизнинг асосий устувор вазифамиз бўлади. Бу Премер-лига ва бошқа йирик турнирларда ғалаба учун курашиш, шунингдек, жамоага мунтазам сармоя киритиш имконини берадиган тижорий салоҳиятни мустаҳкамлашни англатади», — дейилади клуб баёнотида.
«Челси» келажакдаги инфратузилма учун ҳам узоқ муддатли инвестициялар амалга оширилишини маълум қилди.