«Челси» «Ливерпул» яримҳимоячиси Алексис Мак Аллистерни ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Лондон клубининг аргентиналик футболчига қизиқиши Энцо Фернандеснинг «Манчестер Сити»га ўтиши билан боғлиқ. «Челси» раҳбарияти яримҳимоя чизиғида юзага келадиган бўшлиқни Мак Аллистер билан тўлдиришни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, ушбу трансфер январ ойида амалга ошиши мумкин. Бироқ футболчининг «Ливерпул» билан амалдаги шартномаси 2028 йилга қадар мўлжаллангани сабабли дастлаб мерсисайдликлар билан келишувга эришиш талаб этилади.
Қолаверса, Мак Аллистер «Ливерпул»нинг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. Аргентина миллий жамоаси аъзоси марказий яримҳимоянинг турли позицияларида ҳаракат қила олиши билан ажралиб туради.
Маълумот ўрнида, унинг айни пайтда Transfermarkt порталидаги трансфер қиймати 70 миллион еврога баҳоланмоқда.