Англиянинг «Брайтон» клуби ҳимоячиси Лука Вушкович Англия премер-лигасидан Германия Бундеслигасига кўчиб ўтиши мумкин, деб хабар бермоқда инсайдер Экрем Конур ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали.
19 ёшли хорватиялик футболчи хизматларига Мюнхеннинг «Бавария» клуби жиддий равишда қизиқиш билдирмоқда. Германия чемпиони хорватияликни Ким Мин Жэнинг ўринбосари сифатида ўз таркибига қўшиб олиш ниятида. Жанубий Корея миллий жамоаси аъзосининг келажаги ҳамон номаълумлигича қолмоқда.
Мюнхенликлар ушбу трансферни келаси йил ёзда расмийлаштириш ҳақида ўйлашяпти.
Машҳур Transfermarkt портали Вушковичнинг актуал трансфер нархини 65 миллион еврога баҳоламоқда. Иқтидорли ҳимоячи ва «Брайтон» ўртасидаги амалдаги шартнома 2031 йил июн ойигача мўлжалланган.