«Арсенал» бош мураббийи Микел Артета Англия Лига кубоги нимчоракфиналида тўртинчи дивизион вакили «Флитвуд»дан учралган мағлубият ва мусобақадан чиқиб кетиш ҳақида фикр билдирди. Асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди, пеналтилар сериясида эса мезбонлар 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Аввало, кейинги босқичга чиққани билан «Флитвуд»ни табриклайман. Улар бунга ўз имкониятларидан келиб чиқиб эришди. Биз учун бу жуда қайғули кун. Футболчиларнинг ўйинга бўлган муносабатидан ҳеч қандай эътирозим йўқ. Бу даражада талаб қилинадиган вазифаларни бажармаган бирорта футболчини кўрмадим», — деди Артета.
Мураббий «Арсенал» тўпга кўпроқ эгалик қилгани, кўплаб вазиятлар яратгани ва дарвоза томон кўп зарбалар йўллаганини таъкидлади. Бироқ унинг фикрича, пеналтилар сериясигача етиб бормаслик учун яратилган имкониятлардан фойдаланиш керак эди.
«Биз бундай имкониятларни голга айлантира олмадик. Футболнинг моҳияти ҳам шунда. Кубок мусобақаларида жамоалар имкониятлари кўпинча тенглашади, айниқса рақиб олдинга чиқиб олиб, ташаббусни ўз қўлига олганида. Бутун баҳс давомида уларга деярли ҳеч қандай имконият бермадик, ўзимиз эса кўплаб вазиятларга эга бўлдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Охир-оқибат, ҳаммасини майда тафсилотлар ҳал қилади», — дея Артетанинг сўзларини келтиради Sky Sports.
Испаниялик мутахассис мағлубиятни футболчиларнинг етарлича ҳаракат қилмагани ёки ғалаба қозонишга интилмагани билан изоҳлаш мумкин эмаслигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, жамоа клуб шаънини муносиб ҳимоя қилиши шарт.
«Гап ўйинга бўлган муносабатда эмас. Акс ҳолда, ҳозир бу ерда ғазабланган ҳолда турган бўлардим. Мен хафаман, ҳаммамиз хафамиз. Клуб рамзини муносиб ҳимоя қилишимиз керак. Фидойилик, меҳнат ёки ғалаба қозониш истаги билан боғлиқ муаммо бўлмади. Шунчаки, ишончлироқ натижага эришиш учун яна нимадир етишмади. Майдонда кўрсатган ўйинимиз ҳисобда ҳам акс этиши керак эди», — деди бош мураббий.
Маълумот учун, «Флитвуд» ва «Арсенал» ўртасидаги баҳсда мезбонлар 21-дақиқада Лоупало-Би томонидан киритилган гол эвазига ҳисобни очди. Виктор Гокереш 50-дақиқада мувозанатни тиклади. Асосий вақт дуранг билан якунлангач, пеналтилар сериясида «Флитвуд» устун келди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади