Қаршининг «Насаф» клуби сўнгги турларга келиб яна ўзининг аввалги сермаҳсул ўйинини кўрсата бошлади. Бу эса бевосита натижаларда ҳам акс этмоқда. Бу борада жамоанинг мудофаа чизиғини янада мустаҳкам қилишда қанот ҳимоячиси Акром Комиловнинг ҳам ҳиссаси бор.
Ушбу мавсумдан бошлаб қаршиликлар шарафини ҳимоя қилаётган футболчи шу кунгача Суперлига, Кубок ва ОЧЛ 2 мусобақаларида ҳаммаси бўлиб, 19 та учрашувда майдонга тушди. Кўриниб турибдики, у мураббийларнинг ишончини оқлаб келмоқда.
Tribuna.uz мухбири эса Акром Комилов билан бир қатор масалаларда суҳбатлашди.
- Акромжон, «Насаф» клуби ФИФА кунлари учун таътилга чиқишдан аввал Андижонда йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Айтинг-чи, меҳмонда 1:4 ҳисобидаги ғалабани кутганмидингиз?
- Ассалому алайкум. «Андижон» билан ўйинга келадиган бўлсак, бу ўйин биз учун оғир ўтишини билардик. Чунки бизда чарчоқ аломатлари бор эди. Сабаби, Осиё Чемпионлар лигасидаги қийин учрашув ва парвозлар бизга қийинчилик туғдириши аниқ эди. Шунинг учун тезроқ ўзимизни тиклаб олишимиз талаб этиларди ва мураббийларнинг кўрсатмалари бизни тўғри ўйин ташкил қилишимизни таъминлади ва бу йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритамиз деб ўйламагандик.
- Ҳа, мен ҳам шу ҳақида сўрамоқчи эдим. Боиси, «Насаф» 16 сентябрда Баҳрайнда ОЧЛ 2 мусобақасида ўйнаб қайтди ва 4 кундан кейин Андижонда чемпионат доирасида майдонга тушди. Шундай экан, жамоа қаердан куч топди?
- Ҳа, шу боис ҳам ўйин оғир кечишини билиб тургандик. Чунки чарчоқ аломати билиниши табиий. Лекин шунга қарамай, футболчилар ўзида куч топди. Кичик таътилга яхши кайфиятда чиқиб кетишни ўйлаган ҳолда ва жадвалдаги ўрнимизни янада яхшироқ кўринишга келтириб олишимиз керак эди.
- «Насаф» клуби охирги турларга келиб ўзига ўхшамоқда. Рақиблар дарвозасига кўплаб голлар урмоқда. Бундай сермаҳсулликни нима билан боғлаган бўлардингиз?
- Тўғрисини айтадиган бўлсам, кўп очко йўқотган ўйинларимизда ҳам биз жуда яхши ўйин намойиш қилаётгандик. Бироқ кўп маротаба бизга омад кулиб боқмади. Шу жиҳатлар устида мураббийлар кўрсатмалар беришди. Шу сабабли ҳар ўйиндан-ўйинга қўшилиб боряпти.
- Акромжон, сиз жорий йилги мавсумдан бошлаб «Насаф» шарафини ҳимоя қилиб келмоқдасиз. Фаолиятингизнинг ушбу босқичини нима деб атаган бўлардингиз?
- Ўйлашимча, мен учун тўғри қарор бўлди ва жароҳатлардан кейин «Насаф» жамоасида ўзимни яхши ҳолатимни тиклаб олдим ва насиб қилса, янада ўсишга ҳаракат қиламан.
- Биламизки, бунгача қадар «Бунёдкор», «Пахтакор» ва ОКМКда ўйнадингиз. Яъни, сиз кўп ҳам жамоа алмаштиришни хушламайсиз. Бир жамоада камида иккил йил ўйнайсиз. «Насаф» билан режаларингиз қандай?
- Тўғри, ўйнаган жамоаларимда кўп фаолият олиб бориб, кейин клубларни ўзгартирганман. Жуда яхши жамоага келиб қўшилдим. Мураббийлар, футболчилар билан яхши чиқишадиган фақат футбол ҳақида ўйлайдиган клуб. Чунки «Насаф» жамоаси базаси Ўзбекистондаги энг яхши базалардан бири. Бу ерда фақат футбол ҳақида ўйлайсиз. Агар жамоа мен билан шартномани узайтиришни хоҳласа иккиланмасдан яна «Насаф»да қолган бўлардим. Чунки бу ердаги муҳит менга жуда ёқяпти.
- 30 ёшдасиз ва бунгача сизни легионер сифатида четда кўришни ҳам хоҳлаган пайтларимиз бўлган. Нима деб ўйлайсиз, энди бунинг иложи йўқми? Нима учун шу кунгача легионер мақомига айланмагансиз?
- Тўғрисини айтадиган бўлсам, 30 ёшда роса кучга тўлган пайтим. Ўзимни жуда ҳам яхши ҳис қиляпман. Легионер бўлишимга менга қўйилган катта нарх мени легионерга айланишимга йўл қўймаган. Лекин ҳали легионер бўлишим мумкин, нега иложи йўқ экан?
- Нима деб ўйлайсиз, «Насаф» клуби ОЧЛ 2 ни ютишга қодирми?
- Албатта қодир. Сабаби, бизда яхши жамоа бор. Буни уддалай оламиз.
- ФИФА кунлари сабабли юзага келган кичик таътил «Насаф»нинг фойдасига ишлайдими ёки зараригами? Боиси, жамоа энди ўйин тонусини шакллантириб бораётганди. Бошқа клубларга эса қийинчиликлар пайтда бундай танаффус фойдали эканлигини очиқ тан олишяпти. Бу борада «Насаф»га қандай бўлиши мумкин?
- Тўғри айтасиз, биз жуда ҳам яхши кетаётган пайтимизда кичик таътил бўлиб қолди. Лекин бу таътил биз учун зарарга ишламайди. Бизда ҳам жароҳатланган ўйинчиларимиз бор. Улар ҳам таътил тугагунча сафга қайтишади ва жамоа янада кучга тўлади.
Акром Комилов: «Агар жамоа мен билан шартномани узайтиришни хоҳласа иккиланмасдан яна «Насаф»да қолган бўлардим»
Эксклюзив
26 сентябр, 05:10
Tribuna.uz мухбири Комилов билан бир қатор масалаларда суҳбатлашди.
Фото: Насаф ПФК