Суперлиганинг 22-турида «Андижон» «Бобур арена»да «Насаф»га 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов қатнашди ва мағлубият сабаблари ҳақида гапирди.
- Бугун жуда аламли мағлубият бўлди. Бунинг учун мухлисларимиздан узр сўрайман. «Насаф» — шаклланган жамоа ва уларнинг тезкор қарши ҳужумлардан фойдаланишини билардик. Шунга яраша тайёргарлик кўргандик, ўз схемамизни бироз ўзгартиргандик. Биринчи бўлии бошида иш берди. Кўпроқ ўз ўйинимиздан кечган ҳолда натижа учун ўйнашга ҳаракат қилдик. Иккинчи бўлимда голлар ўтказиб юборганимиздан кейин яна ўз схемамизга қайтишга қарор қилдик. Якунда қарши ҳужумлардан тўп ўтказиб юбордик.
— Ўз майдонингларда 5 ҳимоячи билан ўйнашга нима сабаб бўлди?
— Бу ҳимоявий эмас. Ҳа, ҳимояда 5 нафар бўлади, аммо ҳужумга ўз-ўзидан алмашиб кетадиган схема эди. Ўртада ўйинчи кўпаярди ва олдинги чизиқда 3-2-5 схемасига ўтардик. Асосан қарши ҳужумни ўтказиб юбормаслик учун қилинган услуб эди. Бугунги кунгача ҳар бир ўтказаётган ўйиним мураббийлик фаолиятимда тажриба бўляпти. Лекин битта нарса: биламизки, бу ер тажриба тўплайдиган жой эмас. Бу ерга тажрибали мураббийлар керак. Андижон халқимиз, мухлисларимиз ҳам бундай натижаларга лойиқ эмас. Шунинг учун раҳбарият қанақа қарор қабул қилишидан қатъи назар уни қабул қиламиз. Айтганимдек, ҳар бир кунимиз биз учун тажриба бўляпти.
— Охирги пайтларда таркибда бир қатор ротациялар бўляпти. Барқарор таркиб йўқ. Бунга нима сабаб?
— Жамоани қабул қилиб олганимиздан кейин соғлом муҳит ва соғлом рақобатни йўлга қўйгандик. Бошида турли ротациялар қўллашимиз яхши иш бераётганди. Натижада шу нарса устида ишлаб келаётгандик. Ўйинга, рақибга қараб туриб ҳар бир учрашувда ўзига яраша ўзгаришлар қилиб тургандик. Бу ўз фойдасини бераётганди, аммо баъзида зиёнга ҳам ишлашини ўргандик.
— «Андижон» жамоасида ҳеч қандай молиявий муаммолари йўқ. Агар бу борада муаммо бўлганда ҳам тушунса бўларди. Лекин нима етишмаяпти?
— Молиявий ҳолат билан боғлиқ эмас. Ўйинчиларимиз ўйнашмаяпти, дея олмаймиз. Ўзининг даражасида борини бериб ўйнашяпти. Футболчиларга ҳеч қанақа эътироз йўқ. Камчиликларни кўриб чиқамиз. Балки уларни тайёрлаш ва ўйнатишга биз мураббийлар адашаётгандирмиз.
— FIFA кунлари бошланади. Бу танаффусдан жамоа қандай фойдаланишни режалаштирган?
— Бир неча кунга дам берамиз. Йигитларимиз оиласи билан бўлиб, футболдан бироз чалғишади. 25 сентябрда ўз қароргоҳимизда тўпланиб, тайёргарликни давом эттирамиз», - дея Ислом Ғуломовичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.
Ислом Аҳмедов: «Раҳбарият қанақа қарорга келишидан қатъи назар уни қабул қиламиз»
Футбол
20 сентябр, 14:29
«Андижон» бош мураббийи «Насаф»дан учралган йирик мағлубиятдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Foto: FC Andijon