Live
8
Ўзбек

Рўзиқул Бердиев: «Бундай йирик ҳисобдаги ғалабани кутмагандик»

Футбол
20 сентябр, 14:06
«Насаф» бош мураббийи Андижондаги ишончли ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Рўзиқул Бердиев: «Бундай йирик ҳисобдаги ғалабани кутмагандик»
Foto: FC Nasaf

Қаршининг «Насаф» клуби сафарда «Андижон» устидан 4:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди ва ўз ҳисобига 3 очкони ёздириб қўйди.

Беллашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйиндан олдин бизда хавотир бор эди. Йўқотишлар кўп эди. Сафарда ўйнаб, узоқ йўл босиб келдик. Шунга қарамасдан йигитлар бу ўйинда жуда катта меҳнат қилишди. Ўйинда эътиборли бўлишди, ҳеч қаерда диққатни йўқотишмади ва ҳимояда яхши ўйнашди. Ғалабамизнинг асосий сабаблари шулар бўлди. Биз учун керакли ғалаба эди, йигитларга катта раҳмат айтаман. Мухлисларимизни, барча «Насаф» аъзоларини ғалаба билан табриклайман.
Бунгача Умар Эшмуродов марказий ҳимояда ўйнарди. Бугун эса олдинроққа чиқарилди. Бунга сабаб нима эди?

- Схемамизда ўзгаришлар қилиб турамиз. Баъзи ўйинларда 3, яна айримларида 4 ҳимоячи бўлиб ўйнаймиз. Бугунги учрашувда ҳам ўртада йўқотишлар борлиги учун, иккала Раҳматовларнинг жароҳати борлиги, Баҳромовнинг йўқлиги боис ўртани кучайтириш учун Умарни ўртароққа олдик. Бу борада Эшмуродовнинг тажрибаси бор. Шу боис уни таянч яримҳимоясига қўйдик. Вазифани яхши бажаришди. Таркибимиздан келиб чиққан ҳолда шундай қарор қилдик. Бошқача, яъни, 3 та ҳимоячи схемаси билан ўйнашимиз ҳам мумкин эди. Учрашувдан олдин Шароф Муҳиддиновнинг бетоб бўлиб қолиши ҳам режаларимизга таъсир қилди. Умар юклатилган вазифани яхши бажарди.

Захирадан майдонга тушган ёш футболчилардан кўнглингиз тўлдими?

— Бу йил ҳам ёшларга эътибор қаратяпмиз. Ўзларинг ҳам кўряпсизлар, 5 нафари олимпия жамоасида. Яна бошқаларни жалб қиляпмиз. Биз билан бўлиб тажрибаларини ошириб борса, маъқул бўлади.

«Насаф» жамоаси Андижонда охирги 4 ўйиндан бери ғалаба қозона олмай келаётганди. Бугун йирик ҳисобда ютишингларни кутганмидингиз?

- Тўғриси, ғалабани ўйлаб чиқамиз-у, аммо бу ҳисобда енгишимизни ўйламагандик. Чунки боя айтганимдек, бизда хавотирлар бор эди. Узоқ масофада қийин ўйин ўтказиб келдик, ўйинчиларни йўқотдик. Қолаверса, доим «Андижон» жамоаси ўз майдонида жуда кескин ўйин кўрсатиши, тажрибали футболчилари борлиги бизни хавотирда ушлаб турганди. Шунга қарамасдан футболчиларимиз жуда тартибли ва ақлли ҳаракат қилишди. Бу ғалабага муносиб ўйнашди.

Учинчи тўпни дарвозабон Абдувоҳид Неъматов пеналтидан киритди. Бу сизнинг кўрсатмангизмиди ёки дарвозабон ўзи хоҳладими?

— Бизда Шароф пеналтиларни амалга оширади. Ўзи бу йил биз жуда кам пеналти тепяпмиз. Лекин биласизлар, Абдувоҳиднинг бу борада тажрибаси бор. Олдин ҳам пеналтиларни амалга оширган. Шу боис унга топширдик ва ажойиб бажарди», — дея Рўзиқул Саъдуллаевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Андижон Андижон
  • Насаф Насаф
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар