«Женоа» ҳужумчи Лорензо Коломбонинг трансферини расман эълон қилди. Италиялик футболчи «Милан»дан тўлиқ трансфер асосида жамоага кўчиб ўтди.
24 ёшли форвард Генуя клубида 2025/26 йилги мавсумни ижара асосида ўтказганди. Football Italia хабарига кўра, «Женоа»нинг А Серияда жон сақлаб қолиши ҳамда футболчининг чемпионатда камида 5 та гол уриши мажбурий сотиб олиш бандини фаоллаштирган.
Коломбо янги шартнома имзолаганидан кейин клубга миннатдорлик билдирди.
«Мен «Женоа» сафида ўйнашда давом этаётганимдан хурсандман. Стадиондаги атмосфера ҳар бир баҳсда мени ҳайратда қолдиради. Ўн минглаб мухлислар учун ушбу клуб нимани англатишини яхши тушунаман», — деди футболчи.
Манбага кўра, трансфер суммаси 10 миллион еврони ташкил қилган. Коломбо учун бу «Милан» билан 16 йиллик боғлиқликдан кейинги илк тўлақонли кетиш бўлди.
Маълумот учун, ҳужумчи ушбу мавсум А Серияда 37 та баҳсда 7 та гол урди.