Бугун
5
Ўзбек

Жаъфар Ирисметов: «Кўпроқ индивидуал маҳоратга таяниб ўйнадик, Каннаварони имзоси кўринмади»

Эксклюзив
29 июн, 07:49
Ирисметов Tribuna.uz нашрига миллий жамоанинг мундиалдаги қатнашуви бўйича саволларга жавоб берди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Жаъфар Ирисметов: «Кўпроқ индивидуал маҳоратга таяниб ўйнадик, Каннаварони имзоси кўринмади»
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон миллий жамоамиз бугун жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинини ҳам ўтказди. Афсуски, Конго ДР жамоасига қарши баҳсни ҳам бой бердик – 1:3.

Энди вакилларимиз ортга қайтишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам миллий жамоамизга миннатдорлик билдириб қоламиз. Чунки у ердаги иштирок мобайнида юртимизни дунёга янада танитишди, мухлисларимиз ўзбек менталитетини кенг тарғиб қилдилар.

Муваффақиятсизлик сабаби эса албатта ўрганилади. Ўйин ва салбий натижалар борасида табиийки, ҳар ким ўз фикрини билдириши мумкин. Футболимиз жамоатчилигида ҳам бу борада ўзига яраша муносабат шаклланган.
Футболимизнинг таниқли шахсларидан бири Жаъфар Ирисметов Tribuna.uz нашрига миллий жамоамизнинг мундиалдаги қатнашуви бўйича саволларга жавоб берди.

- Жаъфар ака, афсуски охирги ўйинда ҳам ютқаздик. Конгога қарши ўйин борасида нималарни айта оласиз?

- Ҳа, афсус ютқаздик. 5-10 дақиқа давомида учрашувни яхши бошлагандик. Кейин билмадим, нима ўзгариб қолди? Конгони кучсиз эмаслигини олдиндан ҳам билгандик. Мухлислар кўп нарса хоҳлашади. Лекин улар кўпинча реал баҳолай олмайдилар. Конго ҳам кучли рақиб эди. Гарчи Колумбия ва Португалия даражасида бўлмаса ҳам яхши жамоалиги маълум эди. 7:0, 8:0 га ютамиз, деган оптимистик фикрлар бўлди. Ҳа, ҳаммамиз Ўзбекистон учун ишондик, мухлислик қилдик. Нима ҳам деймиз? Ҳозирги даражамиз шу бўлса керак, деб ўйлайман. Лекин бу биринчи жаҳон чемпионатимиз. Кўрдик, билдик, хатоларни устида ишлаб, кейинги чемпионатларга тайёрланиш керак. Олдимизда Осиё Кубоги бор.

- Абдувоҳид Неъматовни яна дарвозада туришини кўриб ҳайрон бўлмадингизми? Афсус, у жамоага ёрдам бера олмади. Қандай баҳолайсиз?

- Тўғри, албатта, Абдувоҳид Неъматовни кўриб ҳайрон бўлдим. Чунки Португалия билан ўйинда кўп хатолар қилганди. Бу менинг фикрим. Яққол хатолар эмаску, бироқ қайтарса бўладиган зарбалар ҳам дарвозамизга кириб кетганди. Каннаваро мундиалда ҳаммага ўйин амалиёти бераман деб айтганди. Сўнгги учрашувда Ботирали Эргашев майдонга тушса керак, деган фикрлар ҳам бўлди. Бизда биринчи рақамли посбон Ўткир Юсупов. Ушбу ўйинда Юсупов бизга қанчалик керак эди, билмадим. Иккинчи учрашувда Ўткир дарвозага тургани маълқуроқ эди.

Айтганимдек, бу менинг фикрим. Неъматовни Ўзбекистон чемпионатидаги яхши дарвозабонлардан бири деб ҳисоблайман. Аммо иккита ўйинда ёрдам берди, дея олмайман. Яққол кучли сейвлар кўрганим йўқ. Буни ҳамма пайқади. Аммо у яхши посбон. Келажакда миллий жамоага ёрдам беради, деб ўйлайман.

- Гуруҳдаги учта ўйинимизга қандай таъриф берасиз?

- Гуруҳдаги учта учрашувимизга қанақа таъриф бера оламан? Фақат кўпроқ индивидуал маҳоратга таянган ҳолда ўйнадик. Мураббийни қанақадир имзоси кўринмади. Бешта ҳимоячи билан ўйнашни бошладик. Иккинчи ўйиндаги хатолардан биттаси Эронда ўйнаган ўйинчиларимизни тайёр эмаслиги кўриниб қолди. Шунга қарамай, улардан фойдаланганлигими, деб ўйланиб қолдим. Ушбу футболчиларимизни кучлилигига шубҳамиз йўқ. Лекин Эрон чемпионати тўхтатилганидан йигитларни ҳали спорт формасида эмаслиги кўзга ташланиб қолди. Мураббий машғулотлар жараёнида кўриб, билиб туриб майдонга туширади. Шунинг учун биз ичини билмай туриб бирор нарса дейишимиз қийинроқ.

- Сизга миллий жамоамизни мундиалдаги иштирокида ёққан ва ёқмаган нарсалар нимада бўлди?

- Ёққани иштирок этдик. Биринчи тарихий голни урдик. Вазиятлар билан яхши ўйнадик. Имкониятлар бўлди, масалан Колумбия билан иккинчи тайм охирларида. Ўзбекистон ёмон ўйнамади. Яхши ўйнаган жойимиз ҳам бўлди. Бироқ бу қисқа вақтдаги ўйин давомида юз берди. Мисол учун, Конгога қарши биринчи тайм бошларида яхши ҳаракат қилдик. Иккинчи бўлимда нимагадир ҳисобни ушлаб қолишни бошладик.

Ёқмаган жойлари шу. Яна бир ёқмаган жойи мураббийни ўйинчиларни танлай билмагани, ўйинга мослаб футболчиларни танлай олмагани бўлса керак. Тактикага ўзгартириш керакмиди?! Яна билмадим. Айтиб ўтганимдек, мураббий жамоани ичидаги ҳолатни билиб туриб, таркиб танлаган. Танқид қилишимиз нотўғри бўлса керак. Барибир мураббийни ҳам эшитишимиз керак. Мундиал ҳисоботини берадику, шунда биламизда. Ўткир Юсуповда жароҳат бормиди, нимага дарвозага турмади, буни ҳам билмаймиз. Ҳаммасига бош мураббий ўзи жавоб берса керак.

- Фабио Каннаваро ва футболчилар катта тажриба бўлганини айтишяпти. Колумбия ва Португалияни тушунса бўлади. Конго билан баҳсда айнан қандай тажриба олдик, деб ўйлайсиз?

- Тўғри айтасиз, йигитлар Колумбия ҳамда Португалиядан анча тажриба олди. Мундиалдаги илк қатнашишимиз, шунча мухлислар, мундиални ташкилотчилиги ҳам кучли бўлади. Йигитларимиз ҳали бундай темпда ўйнашмаган. Биринчи турда ҳаяжон ҳам бўлди. Дастлабки иккита ўйиндан кўп нарса ўрганса бўлади ва менимча, Конгодан ҳам ўрганиш мумкин. Бу рақиб кучли тарафидан фойдаланиб кетди. Футболчилари тезкор экан. Бизнинг футбол кучсиз эмас. Насиб қилса, кейингиларида яхши ўйнаймиз. Олдимизда Осиё Кубоги бор. Яхши тайёргарлик кўриш ва буни унутиш керак.

- Албатта, илк бор мундиалда ўйнаганимиз тарихий онлар бўлди. Аммо жаҳон саҳнасидаги барча учрашувда мағлуб бўлиш - бу миллий жамоамизга нисбатан жаҳон футболи жамоатчилигининг салбий фикрларини шакллантирмасмикин?

- Жаҳон чемпионатида илк бор қатнашганимиз яхши. Бу салбий таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман. Ҳамма нарса вақт ўтган сари эсдан чиқади. Кейинги турнирларга тайёрланиш лозим. Бизни кучсиз эмаслигимизни ҳамма тан олди. Биздагилар ёмон футболчилар эмас. Фақат уларни ўйнатиш керак эди-да. Балки Каннаварога вақт етмагандир, балки ҳали менталитетимизни яхши билмас. Барчаси вақти соати билан жой-жойига тушиб кетади. Қайтанга мундиалда қатнашганимиз бизга катта плюс бўлди. Насиб қилса, кейинги жаҳон чемпионатига ҳам чиқамиз.

- Учта ўйинда тўплар нисбати 2—11. Буни нима деб атаган бўлардингиз?

- Ҳа, бу жуда ачинарли ҳолат. Боз устига биз ҳимоявий ўйнадик. Асосан барча учрашувларда 5 та ҳимоячи билан ҳаракатландик. Плюс Фабио Каннаваронинг ўзи ҳимоячи бўлганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич ачинарли. Чунки 3 та ўйинда 11 та тўп олиб чиқиш жуда кўп. Таҳлил қилишади, кўп хатолар бўлди. Ҳар бир ўтказилган гол хатодан келиб чиқади. Ҳимоявий ўйин учун жуда кўп ўтказиб юбордик.

- Мундиалда энг зўр ўйнаган футболчимиз ким бўлди, сиз учун?

- Кимнидир яхши ёки ёмон ўйнади, дея олмайман. Йигитлар имкон қадар ҳаракат қилишди. Ватан учун ҳамма яхши ўйнади. Кимнидир айбдор ёки зўр дейишимиз нотўғри. Барча максимал даражада курашди. Ҳар қандай вазиятда ҳам футболчиларга раҳмат. Боз устига ўзингиз ҳам биласиз, у ерда катта масофаларга парвозлар бўлди, чарчашган. Кўп вақт давомида оиласини кўришмади. Шу боис уларни ажратмайман. Барча ватан учун жонини бериб ўйнади.

Бугунги янгиликлар