Бугун
5
Ўзбек

Марко Станоевич: «Динамо»га жон деб қайтдим, жамоага ёрдам бериш учун менда катта иштиёқ бор»

Футбол
29 июн, 06:05
Футболчи эса Tribuna.uz нашрига қуйидагича интервю берди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Марко Станоевич: «Динамо»га жон деб қайтдим, жамоага ёрдам бериш учун менда катта иштиёқ бор»
Фото: Динамо ПФК

Самарқанднинг «Динамо» клуби ёзги йиғинга тайёргарлик кўрмоқда. Таркибида эса айрим ўзгаришлар юз беряпти.

Яқинда жамоанинг собиқ футболчиси – сербиялик яримҳимоячи Марко Станоевич «Динамо»га қайтди.

Легионер ўйинчи ҳозирда яна бор эътиборини «Динамо»га қаратган. Маҳаллий ишқибозлар ҳам унинг қайтганидан мамнунлар.

Футболчи эса Tribuna.uz нашрига қуйидагича интервю берди.

- Марко, яна «Динамо»га қайтдингиз, бу кимдан чиққан ташаббус?

- Бу жамоага жон деб қайтдим. «Динамо»дагиларга билдирган ишончлари учун раҳмат айтаман. Айниқса, Вадим Абрамовдан миннатдорман. Қайтишимнинг асосий сабабчиси ҳам у киши бўлди. Шунингдек, мени қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам раҳмат.

- «Динамо»дан кетгач, Сербияда ўйнадингиз. У ердаги фаолиятингиз қандай бўлди?

- Ҳа, шундай. Қишда уйга қайтдим, «Динамо» билан алоқани ушлаб турдим. Ўтган вақт давомида машғулотни тўхтатмадим. Маълум вақт Сербияда тўп тепиб турдим. Оилам билан бирга бўлиб туриш мен учун яхши бўлади, деб ҳисобладим. Бошқа таклифлар ҳам бор эди, лекин уйда қолишни маъқул топдим.

- Яна «Динамо» аъзосига айланганингизга қандай таъриф берасиз?

- Мен учун билдирилган ишонч жудаям муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида бунга бор кучим билан жамоага ёрдам бериш орқали жавоб бериш асосий мақсадимдир!

- Қайтиш сиз учун нимани англатади?

- Бу ҳақда гапиришни хоҳламаган бўлардим. Чунки бизда ҳаммаси юз фоизга яхши бўлишига ишонаман. Вазифам - яхши ўйин кўрсатган ҳолда клубга имкон қадар ёрдам беришдан иборат.

- Айтишларича, «Динамо»да молиявий муаммолар бор. Бу ҳол ортга қайтишингизга тўсқинлик қилмадими?

- Менда футбол ўйнаш, жамоага ёрдам бериш учун катта иштиёқ бор. Бошқа масалаларни ўйлашни истамаган бўлардим. Ўзимни яхши ҳис қилар эканман, фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлашни истамайман.

- «Динамо»ни фаолиятингиздаги охирги клуб деб ҳисоблаш мумкинми?

- Шундай бўлиб қолишини истаган бўлардим. Боя ўзимга билдирилган ишонч хусусида бежиз тўхталмадим. Шу ҳолат давом этар экан, клуб учун боримни бериб ўйнашга тайёрман!

- Нечанчи рақамни танламоқчисиз?

- Агар иложи бўлса, ўзим ўйнаган 88-рақамни танламоқчиман. Мабодо, банд бўлса, у ҳолда бошқа рақамни танлашдан бошқа чорам қолмайди.

Бугунги янгиликлар