Бугун
5
Ўзбек

Жаҳонгир Ўрозовнинг агенти: «Бизда Европанинг топ-5 чемпионатларидан аниқ таклифлар борлиги учун «Рубин» таклифидан воз кечдик»

Эксклюзив
29 июн, 06:13
Tribina.uz журналисти Жаҳонгир Ўрозовнинг агенти Шахриёр Эшбоев билан боғланди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Жаҳонгир Ўрозовнинг агенти: «Бизда Европанинг топ-5 чемпионатларидан аниқ таклифлар борлиги учун «Рубин» таклифидан воз кечдик»
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон миллий жамоамиз билан бирга илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этган «Динамо» ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов атрофида яна турли вариантлар бўлаётгани эътибор марказида бўлиб турибди.

Сўнгги кунларда унга Россиянинг «Рубин» клуби жиддий қизиқаётганини ҳатто, рус ОАВ да ҳам ёзишяпти, гапиришяпти.

Хўш, Ўрозов чиндан «Рубин»га йўл оладими? Унга яна қандай таклифлар бўляпти?

Бу борада Tribina.uz журналисти Жаҳонгир Ўрозовнинг агенти Шахриёр Эшбоев билан боғланди.

- Жаҳонгир Ўрозовга «Рубин» клуби қизиқаётгани ва «Динамо» билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида эшитяпмиз. Футболчининг агенти сифатида бу жараён ҳақида нима дея оласиз?

- Тўғри, «Рубин» клубидан қизиқиш бўлгани рост. 4 йиллик шартнома таклиф қилди. Лекин Жаҳонгирни ўзида ҳам мақсад юқори: Европани кучли чемпионатларида ўйнамоқчи. Осиё, араб чемпионатларида тўп тепиш мақсади ҳали йўқ. Бизда Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан аниқ таклифлар борлиги учун «Рубин» вариантига тўхталмадик. Тўғри, ушбу таклифдан хурсанд бўлдик, футболчимизга қизиқиш бор. Яхши шартнома ва яхши ойлик таклиф қилди. Лекин шошмасдан ҳамма вариантларни таҳлил қилиб, кучли чемпионатга тўхталсак керак. «Рубин» вариантини бекор қилдик.

- Бундан чиқди, Ўрозовни «Рубин» клубига ўтмаслиги аниқми?

- Куни кеча «Рубин»дан таклифи билан келишди. Бундан бош мураббийни ҳам хабари бор. Ҳаммамиз биргаликда кўришиб, гаплашдик. Бизни ҳам Европани кучли клублари билан ишлаётганимизни билишади. Италия, Германия, Туркияни олди клубларидан аниқ таклифлар бор. Нидерландиядан ҳам вариант бўляпти. Конгога қарши учрашувда ҳам учта давлат вакили Жаҳонгир Ўрозовнинг ўйинини стадиондан кузатди. Жумладан, Италия, Англия ва Германиядан бўлиб, жами 4 та клуб вакили ўйинни кузатишди. Яқин кунларда, июль ойи бошларида Ўзбекистонга аниқ таклиф билан келишади. Музокаралар бошланади. Европадаги партнёрим улар билан бирга келади ва Ўрозов трансфери якунлари бўйича бир тўхтамга келамиз.

- Ўрозов масаласида энг жиддий қизиқаётган клублар қайсилар?

- Италияни икки клуби жиддий қизиқишяпти. Ҳатто, Нидерландия ҳамда Канадага қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувларига ҳам бориб кўришди. Италияликлар бешта ўйинимизни кузатишди. Жаҳонгир Колумбия ва Конгога қарши жаҳон чемпионатидаги иккита учрашувда майдонга тушган бўлса, германияликлар ҳам диққат билан кузатдилар. Ҳозирча клублар номини ошкор қилмоқчи эмасмиз. Якунда бошқача қарор бўлиб қолса, ҳар хил гап-сўзлар бўлиб кетмаслиги учун айтмай турганим маъқул. Аммо айнан қайси жамоалар кузатаётганини аниқ биламан. Фақат шуни айтишим мумкинки, Италия, Германия ва Англиядан аниқ таклифлар бор.

- Жаҳонгирга аввало Россияда ўйнаб тажрибасини янада шакллантириб сўнгра Европани кучли чемпионатига кетиши маъқул эмасми? Ҳар холда дабдурустдан Европага кетса, ҳали у ерда футболчини нима кутяпти, рақобатда нима бўлади, муҳитга қандай мослашади, бу таваккалчилик эмасми?

- Гапингиз тўғри. Лекин Россия тажриба ўтайдиган жой эмас. Чемпионатини юқори баҳолашимиз мумкину, аммо футболчи Ўзбекистон чемпионатида ҳам яхши ўйин кўрсатди. Ёш бўлишига қарамай, Туркия чемпионатига бориб келди. Хорижда тўп тепиш учун унда кўникма бор. Ўзига ишончи юқори. Миллий жамоа бош мураббийи фақатгина пешқадам клублардан ўйинчиларни олгани йўқ. «Сурхон»дан ҳам, «Динамо»дан ҳам олди. Ўрозов шу даражага ўз меҳнати билан етиб келди.

Россияга бориб тажриба тўплайман деса, 22 ёшли футболчи неча тажриба тўплаши керак? Яна 2 ёки 3 йил юриши керакми? 25-26 ёш бўлганидан сўнг Европада уни келажак учун деб олмайди-да! Ҳозирги 22-23 ёшли ўйинчиларни олиб ўйнатади. Европа клубларига қарасангиз, 18-19 ёшли футболчилар ўйнашяпти. Тўғриси, мен айтаётган клубларни ярми билан январь ойидаёқ музокаралар бошланган. 6 ойдан бери кузатиб келишяпти. Масалан, Ўзбекистон чемпионатида Жаҳонгир 11 та турда майдонга тушди. Скаутларни шунча пайтдан бери фикри ўзгариб қолмади. Яна бир жамоа эса ўтган йилнинг август ойидан бери кўриб келади. Аммо ҳали музокарани тўхтатгани йўқ. Айниқса, Германия жамоалари бирор ўйинчи ҳақида маълумот тўплашни бошлашса бир йилгача кузатишар экан.

- Умуман, Ўрозов ва миллий жамоамизни мундиалдаги ўйинини қандай баҳолайсиз?

- Тўғрисини айтадиган бўлсак, миллий жамоа ўйинидан ҳеч ким тушкунликка тушиш керак эмас. Сабаби, гуруҳимиз жуда кучли эди. Барчасида топ футболчилар йиғилган. Ўрозов Колумбия билан ярим соат, Конгога қарши 82 дақиқа ўйнади, ёмон таассурот қолдирмади. Уни алмаштиришини сабаби, мураббий ҳужумни кучайтириш учун вабанк қилди. Менимча, миллий жамоамизни кейинги жаҳон чемпионатларида яхши иштирок этишига ишониб қолиш керак. Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашишига ишонишимиз лозим.

Авлодлар алмашинуви бўляпти, иқтидорли ёшлар етишиб чиқяпти. Яна бир-икки йилда Беҳруз Каримовга ўхшаган ёшлар кўпаяди. Абдуқодир Ҳусанов, Жаҳонгир Ўрозов, Аббос Файзуллаев...Барчалари ҳали ёш йигитлар. Ҳозирги ҳолатда миллий жамоа футболчиларини танқид остига олиш ҳам нотўғри бўлади. Осиёдан чиқиб боришни ўзи ҳам катта гап. Биринчи иштирок, «ўлим гуруҳи»га тушиб қолди. Кюрасао, Янги Зеландия, Парагвай сингари рақиблар дуч келганида нимадир кутсак бўларди. Португалия, Колумбия, Конго каби термаларга қарши илк бор қатнашаётган миллий жамоамиздан катта натижалар кутиш нотўғри, деб ўйлайман.

Тўғри, ҳар доим мухлислар катта натижалар кутишади. Фикрим, илк мундиалда мослашиш жараёни бўлади. Кейингиларида мунтазам қатнашиб, яхши иштирок этишса керак.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Рубин Рубин
Бугунги янгиликлар