2 октабр куни Суперлига ва Пролига клублари раҳбарлари иштирокида Лига Умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида клублар футболи мавсумини куз-баҳор форматига ўтказиш масаласи илк бор кун тартибига олиб чиқилди. ПФЛ бу ҳозирча якуний қарор эмас, балки мавзуни атрофлича ўрганишни бошлаш учун дастлабки қадам эканини таъкидлади.
ПФЛ маълумотига кўра, Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) географик жиҳатдан катта ҳудудни ҳисобга олиб, клублар мусобақаларини Ғарбий ва Шарқий минтақаларга ажратиб ўтказишни маъқул кўради. Ғарбий минтақадаги Ўзбекистоннинг асосий рақибларининг аксарияти куз-баҳор тизимидан фойдаланади. Шу сабабли мамлакат футболида ҳам мазкур форматни ўрганиш зарурати юзага келган.
Дастлабки лойиҳага кўра, ички мусобақалар август ойининг иккинчи ярмида бошланиб, биринчи давра декабрнинг дастлабки 10 кунлигигача давом этиши мумкин. Иккинчи давра эса феврал ойининг учинчи ўн кунлигидан старт олиши кўзда тутилмоқда. Бунда ёз ва қиш чилласида футбол баҳсларини ўтказмаслик ҳамда майдонларнинг ҳолати ва мамлакат иқлим шароитларини ҳисобга олиш режалаштирилган.
Ўтиш даврида март-май ойларида Суперлига ва Пролига клублари учун, шунингдек U21 жамоалари ҳамда Биринчи лига вакиллари учун алоҳида кубок мусобақаларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Лойиҳага кўра, ҳар бир иштирокчига камида 8 та баҳс ўтказиш имконияти кафолатланади.
Лига ушбу масала бўйича футбол майдонлари парваришига масъул агрономлар, тажрибали мураббийлар, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, Спорт вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан фикр алмашишни режалаштирган.
Шунингдек, мавсум форматининг ўзгариши футбол мактаблари ва академияларидаги ўқув жараёнлари билан боғлиқ масалаларни ҳам тартибга солишга ёрдам бериши мумкин. Бироқ клубларнинг молиявий-хўжалик фаолияти календар йилига мос келиши масаласи асосий муаммолардан бири сифатида қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, куз-баҳор форматига ўтиш бўйича ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. ПФЛ аввало клубларнинг позициясини ўрганади, шундан сўнг мутахассислар ва тегишли ташкилотлар билан қўшимча муҳокамалар ўтказилади.
Маълумот учун, тақвимни ўзгартиришнинг аниқ муддати ўрганишлар ва муҳокамалар якунига кўра белгиланади.
