Мюнхеннинг «Бавария» клуби яримҳимоячи Майкл Олисени Мадриднинг «Реал» клубига сотиши мумкин. Бу ҳақда El Nacional хабар берди.
Манбага кўра, немис клуби 24 ёшли вингер билан хайрлашишни истамаяпти. Бироқ «Реал» томонидан 200 млн евро миқдорида таклиф келиб тушса, «Бавария» футболчини сотиш вариантини кўриб чиқиши мумкин.
Қайд этилишича, «Бавария» Олисе билан шартномани 2032 йилгача узайтириш бўйича келишувга эриша олмаса, унинг трансферига розилик бериши эҳтимоли бор. Франциялик футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган.
Олисе ушбу мавсум Бундеслигада тўртта баҳсда майдонга тушиб, тўртта гол урди ва битта голли узатмани амалга оширди.
Маълумот учун, Олисе 2024 йил ёзида «Кристал Пэлас»дан «Бавария» сафига кўчиб ўтганди.