УEФА 2027–2029 йиллар учун Европа турнирлари финаллари ўтказиладиган жойларни тасдиқлади. Ташкилотнинг расмий сайтида бу ҳақда маълумот берилди.
Унга кўра, 2028 йилги УEФА Суперкубоги илк бор Қозоғистонда ўтказилади. Ҳал қилувчи баҳс Астанадаги «Астана Арена» стадионида бўлиб ўтади. 2027 йилги Суперкубок эса Амстердамдаги «Йоҳан Кройфф Арена»да ташкил этилади.
Шунингдек, 2028 йилги Чемпионлар Лигаси финали Мюнхендаги «Алянс Арена»да, 2029 йилги финал эса Барселонадаги «Камп Ноу» стадионида ўтказилади.
2028 йилги Европа Лигаси финалига Бухарест, 2029 йилги финалга эса Белград мезбонлик қилади. Конференциялар Лигаси финаллари мос равишда Турин ва Будапештда бўлиб ўтади.
Аёллар ўртасидаги Чемпионлар Лигаси финали 2028 йилда Лионда, 2029 йилда Кардиффда ўтказилади. Мини-футбол бўйича Чемпионлар Лигаси финали эса 2027 йилда Швейцарияда ташкил этилади.