Бугун
33
Ўзбек

Суперлиганинг 26-тури: Виктор Карпенко қайси жамоаларга устунлик берди?

Эксклюзив
30 октябр, 03:29
Карпенко Tribuna.uz учун 26-тур жуфтликларининг имкониятларини баҳолади.
Суперлиганинг 26-тури: Виктор Карпенко қайси жамоаларга устунлик берди?
Фото: Бунёдкор ПФК

Суперлиганинг 26-тур остонасида турибмиз. Навбатдаги тур баҳслари ҳам шубҳасиз эътиборга моликдир. Турнинг марказий ўйини Наманганда водий дербиси доирасидаги «Навбаҳор» - «Андижон» қарама-қаршилигидир.

Совринли ўринлар учун курашаётган клубларнинг ўйинлари ва ундаги интрига ҳам ўзига хос тарзда кечяпти.

Таниқли собиқ футболчи ва бугунги кунда мураббийлик билан шуғулланаётган Виктор Карпенко Tribuna.uz учун 26-тур жуфтликларининг имкониятларини баҳолади.

30 октябр
18:30. «Қўқон-1912» — «Қизилқум»

- Ҳар икки жамоа учун ҳам осон бўлмаган ўйинни кутяпман. «Қўқон-1912» ўз майдонида ҳаракат қилади, бироқ турнир жадвалидаги ҳолатдан келиб чиқиб, «Қизилқум» афзалроқ кўринмоқда. Менимча, меҳмонларнинг очко қўлга киритиш имконияти яхши. Бироқ кўп нарса ҳимоядаги ўйинга боғлиқ бўлади. Тахминим — дуранг ёки «Қўқон-1912»нинг минимал ҳисобдаги ғалабаси.

18:30. «Сўғдиёна» — «Бухоро»

- Менимча, бу турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири бўлади. Турнир жадвалидаги фарққа қарамай, «Сўғдиёна» ўз майдонида ўйнайди ва яхши ҳужум салоҳиятига эга. Жамоа учун уюшқоқ ҳаракат қилиш ва рақибга кўплаб вазиятлар яратиш имконини бермаслик муҳим. Мен бу учрашувда «Сўғдиёна»га бироз устунлик берган бўлардим. Назаримда, мезбонларнинг ғалаба қозониш имконияти яхши.

18:30. «Хоразм» — «Пахтакор»

- Таркиб ва тажриба нуқтаи назаридан «Пахтакор» ушбу учрашув фаворити бўлиб кўринмоқда. Бироқ «Нефтчи»дан қабул қилинган мағлубиятдан кейин жамоа тўғри хулоса чиқариб, ўз савиясини намоён этиши муҳим. «Хоразм» очколар учун кураш олиб боради, шунга қарамай, устунликни меҳмонларга берган бўлардим.

31 октябр
17:00. «Сурхон» — «Насаф»

- «Насаф» ўйинни яхши ташкил этиши ва турнир жадвалидаги устунроқ ҳолати билан ажралиб туради. Шу билан бирга, «Сурхон» ўз майдонида ҳар қандай рақибга муаммо туғдиришга қодир. Қизиқарли учрашувни кутяпман, унда кўп нарса вазиятлардан фойдаланиш маҳоратига боғлиқ бўлади. Бироз устунликни «Насаф»га берган бўлардим.

17:00. «Машъал» — «Динамо»

- Жорий мавсумдаги натижаларни ҳисобга олсак, «Динамо» ушбу учрашув фаворити бўлиб кўринмоқда. «Машъал» учун чемпионатдаги вазият осон эмас, шу боис мезбонлар бор кучини ишга солиши кутилмоқда. Шунга қарамай, Самарқанд жамоасининг ижобий натижа қайд этиш имкониятини юқорироқ, деб ҳисоблайман.

19:00. «Навбаҳор» — «Андижон»

- «Навбаҳор» ўз майдонида анъанавий равишда кучли ўйин намойиш этади. Таркиб ва турнир жадвалидаги ҳолат нуқтаи назаридан ҳам мезбонлар устунликка эга. Бироқ «Андижон» рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга қодир. Шунинг учун «Навбаҳор» рақибни камситмаслиги керак. Менимча, мезбонлар ғалабага бироз яқинроқ, аммо осон ўйин бўлишини кутмаган бўлардим.

1 ноябр
19:00. «Локомотив» — ОКМК

- Тенг кучли ва қизиқарли учрашувни кутяпман. Ҳар икки жамоа ҳам турнир жадвалининг юқори қисмида бормоқда ва ўзининг устун жиҳатларига эга. «Локомотив» ўз майдонидаги устунликдан фойдаланишга ҳаракат қилади, ОКМК эса рақиб ҳимоясидаги бўшлиқлар ва хатолардан унумли фойдаланиши мумкин. Бу баҳсда яққол фаворитни ажратмаган бўлардим — дуранг эҳтимоли ҳам юқори.

«Нефтчи» — «Бунёдкор» (14 ноябр)

«Нефтчи» кучли мавсум ўтказмоқда ва чемпионлик учун кураш олиб бормоқда. Жамоа барқарор натижалар қайд этаётгани сабабли фаворит сифатида кўрилмоқда. «Бунёдкор» ҳам муносиб қаршилик кўрсатиши мумкин, бироқ барча омилларни ҳисобга олганда, устунлик «Нефтчи» томонида. Менимча, Фарғона жамоасининг ғалаба қозониш имконияти яхши.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар