Бугун
27
Ўзбек

Соч олдириш ва телефонга тақиқ — Клопп Германия миллий жамоасида бир қанча қоидаларни жорий қилди

Футбол
23 сентябр, 14:35
    3
Немисларнинг янги устози жамоани жипслаштириш учун Нагелсманн давридаги бир қатор эркинликларга чек қўйди.
Соч олдириш ва телефонга тақиқ — Клопп Германия миллий жамоасида бир қанча қоидаларни жорий қилди
Foto: Getty Images

Ёзда Германия миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Юрген Клопп футболчилар учун янги тартиб-қоидаларни жорий қилди, деб хабар бермоқда Sport Bild.

Жумладан, аввалги мураббий Юлиан Нагелсманн даврида футболчилар жамоа меҳмонхонасидаги кечки овқатга 19:00 ёки 20:00 дан бошлаб ўзларига қулай вақтда келишлари мумкин эди. Клопп эса бу тартибни ўзгартирди: энди футболчилар кечки овқатга белгиланган аниқ вақтда — 19:00 ёки 20:00 да келишлари шарт. Бундан мақсад — барча футболчиларни бир дастурхон атрофида жамлаб, биргаликда овқатланиш орқали жамоавий руҳни мустаҳкамлаш.

Яна бир қоида: ўйин олдидан ўтказиладиган тайёргарлик машғулотлари вақтида телефонлардан фойдаланиш тақиқланди. Масалан, футболчилар тренажёр залида шуғулланаётганда ёки массаж қабул қилаётганда телефонлардан фойдаланиши қатъиян ман этилади. Бироқ бу пайтда ёнма-ён турган массаж столларидаги жамоадошлар билан мулоқот қилишга нафақат рухсат берилган, балки бу жиҳат рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, Клопп меҳмонхона ёки жамоа базасида соч олдиришни ҳам тақиқлади. Мураббийнинг фикрича, футболчилар миллий жамоа йиғинига аллақачон соч олдирган ҳолда келишлари керак.

Ниҳоят, Нагелсманн даврида футболчиларнинг оила аъзолари имконият бўлган ҳар қандай пайтда жамоа базасига келишига рухсат берилган бўлса, Клопп даврида яқинларнинг ташрифига фақат истисно ҳолатларда рухсат берилади. Бундан мақсад — жамоа база ҳудудида бўлган вақтда умумий мақсадга эътибор қаратиши ва ягона жамоа сифатида янада жипслашишини таъминлаш.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Германия Германия
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

3 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар