Бугун, 21 май куни Саудия Пролигасида мавсумнинг сўнгги 34-тур ўйинлари якунланади.
Чемпионлик масаласи ҳал қилинади. Тошкент вақти билан соат 23:00да «Ан Наср» клуби «Дамак»ни қабул қилади. «Ал Ҳилол» меҳмонда «Ал Фейҳа» билан куч синашади.
Турнир жадвалидаги ҳолат
Ҳозирда 33 та турдан сўнг Жезуш бошчилигидаги «Ан Наср» 83 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Ал Ҳилол» эса 81 очко тўплаган. Жамоаларнинг фарқли томони шундаки, Инзаги жамоаси бирорта ҳам баҳсда мағлуб бўлмаган.
24 та баҳсда ғалаба қозониб, 9 бор дуранг қайд этган. «Ан Наср» эса 27 та беллашувда муваффақият қозониб, 2 бор дуранг ўйнаган. 4 бор мағлуб бўлган. Тўплар кўрсаткичлари бўйича «Ан Наср»да яхши кўрсаткич бор.
Роналду яна совринсиз қоладими?
Португалиялик футболчи «Ан Наср» билан 14 та совринни бой берди. Бу албатта жуда катта кўрсаткич ҳисобланади. Ўтган ҳафтада Осиё Чемпионлар лигаси 2 финалида ҳам «Гамба Осака»га ютқазиб қўйди. ОАВ финалнинг энг ёмон футболчиси сифатида айнан Роналдуни кўрсатди.
Бугунги баҳсда Риёд клубига осон бўлмайди. Негаки, «Дамак» ҳам лигада қолиш учун курашмоқда. Ҳозирда 29 очкоси бор ва 15-поғонада бормоқда. 16-ўриндаги «Ар Риёд»дан икки очкога илгарилаб кетган. Бугун лига билан хайрладашиган 3-жамоага ҳам ойдинлик киритилади.
Кўриниб турибдики, «Дамак» меҳмонда ҳаракат қилишига қарамай, пешқадамга интрига таклиф қилади. Бу эса Риёд клубига қўшимча босим ўтказиши ҳам ҳеч гап эмас. Чунки Роналду жамоасида руҳий томонлама ҳам муаммолар бўлиши мумкин. «Ал Ҳилол»га қарши баҳсда сўнгги сонияларда автогол эвазига ғалабани бой берди. Акс ҳолда жамоа муддатидан олдин чемпионликни тантана қилиши мумкин эди. Кейинчалик ОЧЛ 2 финалида аламли тарзда ютқазиб қўйди. Хуллас, барчаси Роналду ва унинг жамоасининг зарарига ишлагандек гуё.
Сўнгги имконият. Роналду ва унинг жамоаси бундан қанчалик унумли фойдаланишини кўриш қизиқ.
Бугунги ўйинлар рўйхати:
23:00. Ан Наср — Дамак
23:00. Ал Фейҳа — Ал Ҳилол
23:00. Ал Иттиҳод — Ал Қодисия