Бугун
13
Ўзбек

Садриддин Ҳасанов: «Брага» орзуларимдан бири, аммо ҳаммаси эмас»

Эксклюзив
14 июл, 09:42
Tribuna.uz мухбири Ҳасанов билан ҳам суҳбатлашди.
Садриддин Ҳасанов: «Брага» орзуларимдан бири, аммо ҳаммаси эмас»
Фото: Braga FC

Яқинда Португалиянинг «Брага» клубига икки нафар ҳамюртимиз – Сайфиддин Содиқов билан Садриддин Ҳасановнинг қўшилгани ва расмий шартнома имзолангани хусусида биринчи бўлиб Tribuna.uz хабар берганди.

Шундан кейин Содиқов нашримиз учун интервю ҳам берди. Энди эса навбат Хасановга! «Бунёдкор» клубидан «Брага» жамоасига трансфер қилинган футболчимиз илк бор легионер мақомида сайтимиз журналистининг саволларига жавоб берди.

- Садриддин, «Брага»га трансферингиз ҳақида хабарни биринчи эшитган пайтингизда қандай ҳисларни бошдан кечирдингиз?

- «Брага»дан чақирув хабарини олганимда жуда ҳам хурсанд бўлдим.

- Нега айнан «Брага» вариантини танладингиз? Бу клуб сиз учун нимаси билан қизиқ бўлди?

- Мен «Брага» клубини танлаганимни сабабига келсак, бу жамоа ёшларга имкон беради ва ўзларида ўйнатиб, яхши вариантлар чиқса дарҳол беришади.

- 18 ёшда Европага йўл олиш осон эмас. Бу қарорда оила ва яқинларингизнинг қўллаб-қувватлаши қандай бўлди?

- Ҳа, 18 ёшда осон эмас, аввало, ота-онангиздан узоқда... Ота-онам мени ҳар доим қўллаб-қувватлайди. Ҳаммаси ўз қўлингда деб уқтиришади.

- «Бунёдкор» академияси сизга катта футбол учун қандай пойдевор берди?

- «Бунёдкор» клуби ёш бўлишимга қарамай, мен учун Супероигада ўзимни кўрсатишимга имконият яратиб берди.

- Португалия футболи билан танишгач, Ўзбекистон футболи билан энг катта фарқни нимада кўряпсиз?

- Ўзбекистон билан фарқига келсак, бу ерда ҳамма нарса тез ва сифатли.

- «Брага»даги дастлабки кунларингиз қандай ўтяпти? Жамоа ва мураббийлар сизни қандай кутиб олишди?

- Мен тўғриси, жамоани бунчалик қўллаб-қувватлашини кутмагандим. Мураббийлар ва футболчилар жуда тез “поддержка” беришди.

- Ўзингизни янги жамоада кўрсатиш учун олдингизга қандай мақсадлар қўйгансиз?

- Мени янги жамоамда ўзимни кўрсатишимни йўли – бу менинг техникам орқали бўлади, деб ўйлайман. Ўйинлар давомида ўзимни ҳар томонлама кўрсатишга ҳаракат қиламан.

- Европада қайси жиҳатларингизни ривожлантириш устида ишламоқчисиз?

- Мен бу ерда ўзимга керакли бўлган ҳамма нарсаларни ўрганаман.

- Ўзбек футболчилари орасида Европада ўйнашни орзу қилаётган ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

- Фақат меҳнат. Ҳамма нарсани иложиси бор. Барчаси ўзларини қўлида.

- Келажакда ўзингизни қайси даражадаги футболчи сифатида кўришни хоҳлайсиз?

- Биласизми, ўзимни топ футболчилар орасида кўришни истайман.

- «Брага»га трансферингиз — бу орзунинг амалга ошишими ёки катта орзу йўлидаги биринчи қадамми?

- Ҳа, тўғри, «Брага» клуби орзуларимдан бири, аммо ҳаммаси эмас. «Брага» клуби бу бошланиши. Худо хоҳласа, охири ПСЖ клуби бўлади.

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

20+ изоҳ +1 та янги
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар