Испаниянинг «Реал Соседад» клуби «Челси» ҳимоячиси Мамаду Саррнинг ижараси борасида келишувга эришди.
Сенегалик футболчи фаолиятини Ла Лигада давом эттириш ниятида. Журналист ва инсайдер Санти Аунанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали берган хабарига кўра, клублар бир мавсумга мўлжалланган ва кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқини ўз ичига олмайдиган битим юзасидан оғзаки келишувга эришган.
Яқин вақт ичида барча зарур расмиятчиликлар якунланиши кутилмоқда. Испанлар ҳимоячининг тиббий кўрикдан ўтиши ва трансферни якунлаши учун унинг етиб келишини кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сарр «Челси» сафига 2025 йил ёзида «Страсбург» клубидан ўтиб, 2033 йил июнигача шартнома имзолаган эди. У 2025/2026-йилги мавсумнинг биринчи ярмида «Страсбург»да ижара асосида тўп тепиб, барча мусобақаларни инобатга олганда 18 та ўйинда майдонга тушди. 2026 йил февралида эса «Челси»га қайтиб, Лондон клуби сафида олтита ўйин ўтказди.
Маълумот учун, Transfermarkt портали футболчининг актуал трансфер нархини 22 млн еврога баҳоламоқда.