«Бавария» вингери Майкл Олисе ва «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд «Реал» сафида ўйнашни истамоқда. El Nacional хабарига кўра, футболчилар жорий мавсум якунланганидан сўнг Мадрид клубига ўтиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Манбага кўра, 2027 йил ёзидаги трансфер ойнаси «Реал» учун энг муҳим даврлардан бирига айланиши мумкин. Олисе ҳам, Ҳоланд ҳам «Сантяго Бернабеу» стадионида тўп тепишни орзу қилмоқда.
«Бавария» Олисе билан шартномани узайтиришни истамоқда. 24 ёшли вингер ҳам Мюнхен клубида қолишга тайёр, бироқ янги келишувда келажакда «Реал»га ўтишига имкон берадиган аниқ товон пули белгиланишини хоҳламоқда.
Ҳоланднинг келажаги эса «Манчестер Сити»га молиявий қоидабузарликлар бўйича қандай жазо берилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Англия клуби мустақил комиссиянинг молиявий қоидалар бузилгани ҳақидаги айбловлари бўйича текширув остида қолмоқда.
Маълумот учун, Тransfermarkt порталига кўра, Ҳоланд ва Олисенинг умумий бозор қиймати 400 млн еврони ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ҳоланд 2022 йилдан буён «Манчестер Сити» сафида, Олисе эса 2024 йил ёзидан «Бавария»да тўп тепмоқда.