«Реал Мадрид»нинг бразилиялик ҳужумчиси Эндрик қишки трансфер ойна даврида клубини ўзгартириши мумкин. Corriere dello Sport маълумотларига кўра, Италиянинг «Рома» клуби 20 ёшли футболчини ижарага олиш борасида жиддий ўйламоқда ва уни январ ойи учун устувор мақсад қилиб белгилаб олган.
Маълум қилинишича, римликлар спорт директори ДъАмико музокараларда маълум даражада ижобий силжишга эришган. Эндрик ва унинг отаси ҳужумчи ҳамюрти Уэсли билан бирлашиши мумкин бўлган Италия пойтахтига кўчиб ўтиш тарафдори.
Эҳтимолий трансфернинг асосий сабаби ўйин амалиёти етишмаслиги деб айтилмоқда: Ла Лиганинг янги мавсумида бразилиялик футболчи майдонда атиги тўрт дақиқа ўтказди. «Реал» раҳбарияти футболчини барқарор ўйин вақти билан таъминлаш ва унинг профессионал тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун ижара вариантини кўриб чиқишга тайёр.