Мадриднинг «Реал» клуби ҳимоячиси Ферлан Менди қарийб беш ойлик танаффусдан сўнг футбол майдонида машғулотларни бошлади. Бу ҳақда Испаниянинг Маrcа нашри хабар берди.
Манбага кўра, 31 ёшли футболчининг тикланиш жараёни тахминан беш ой давом этди. Менди сўнгги бор 3 май куни Ла Лига доирасида «Эспанёл»га қарши баҳсда майдонга тушган ва ўнг сонидаги пайни шикастлаб олган. Жароҳатидан бир ҳафта ўтиб, франциялик ҳимоячи операция қилинган.
Шунга қарамай, Менди ҳозирча расмий ўйинларда қатнашишга тайёр эмас. «Реал»нинг ўйинлар учун қайдномасига қайтиши учун у аввало жисмоний ҳолатини тиклаши ва клуб шифокорларидан якуний рухсат олиши керак.
Маълумот учун, Мендининг машғулотларга қайтиши унинг узоқ давом этган тикланиш жараёнидаги муҳим босқич ҳисобланади. Бироқ футболчининг расмий баҳсларда қачон майдонга тушиши ҳозирча маълум эмас.