Live
13
Ўзбек

«Барселона» президенти: «Реал» футболга зарар етказмоқда ва обрўсини йўқотмоқда»

Футбол
10 октябр, 08:15
    50
Жоан Лапорта Мадрид клубини ўз манфаатларини кўзлаб, «Барселона» имижига путур етказишга уринишда айблади.
«Барселона» президенти: «Реал» футболга зарар етказмоқда ва обрўсини йўқотмоқда»
Foto: Getty Images

«Барселона» президенти Жоан Лапорта Мадриднинг «Реал» клуби томонидан Хосе Негрейра иши юзасидан билдирилган айбловларга муносабат билдирди. Аввалроқ «Реал» ушбу иш бўйича далиллар ва гувоҳликларни ўз ичига олган, қарийб 50 минг саҳифалик ҳужжатлар тўпламини УEФАга тақдим этгани хабар қилинганди.

«Негрейра иши ҳақида гапирадиган бўлсак, бизни суд бошланмасидан олдин айбдор деб топишга уринишганини такрорлашдан чарчамайман. Бироқ бизни айблаш учун асос йўқлиги маълум бўлди. «Барселона»нинг оқланишига тўлиқ ишонаман. Бу масалани тинимсиз кўтараётганлар клубимизга зарар етказиш ва унинг обрўсига путур етказишга уринмоқда. Ҳукм чиқарилганидан кейин бу ҳақда гаплашиш учун вақт бўлади. Улар фақат «Барселона»ни обрўсизлантириш мақсадида бу мавзудаги баҳсларни давом эттириш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда», — деди Лапорта.

Шунингдек, «Барселона» раҳбари «Реал»нинг бошқа ташкилотлар билан муносабатларини ҳам танқид қилди. Унинг фикрича, Мадрид клуби футбол ривожига тўсқинлик қилмоқда ва турли ташаббусларга қарши чиқмоқда.

«Реал» буни футболга зарар етказиш учун қилмоқда. Улар ҳамма нарсага қарши чиқади. УEФА ёки лига билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлишинг мумкин, аммо улар барибир барча ташаббусларга қарши туради. Бу миллий ва халқаро миқёсда обрўси, эътирофи ҳамда нуфузини йўқотаётган клуб ҳақида кўп нарсани англатади.

Бунга мисол сифатида EFC конгрессида қатнашганимни келтиришим мумкин.«Реал» эса у ерда ҳатто ўз вакилига ҳам эга эмас эди. Улар ўзларини жуда такаббур ва ҳукмрон тутади. Нима қилаётганларини яхши билишади, бироқ бу уларга бўлган ишончнинг кескин пасайишига олиб келмоқда.

Суперлига масаласида ҳам худди шундай бўлди: охир-оқибат улар бошқалар билан бир сафда қолади, аммо шу жараёнда қолганларга тўсқинлик қилишдан тўхтамайди. Менимча, бу борада ўз фаолиятларини танқидий баҳолашлари керак, чунки бундай хатти-ҳаракатлар муносиб эмас», — дея Лапортанинг сўзларини Sport.es нашри келтирмоқда.

Маълумот учун, Негрейра иши «Барселона»нинг Испания ҳакамлар қўмитасининг собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейра билан боғлиқ тўловлари юзасидан олиб борилаётган тергов билан боғлиқ. «Реал» ушбу иш бўйича ҳужжатларни УEФАга тақдим этгани хабар қилинган.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Реал Мадрид Реал Мадрид
  • Барселона Барселона
Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

50 изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар