«РБ Лейпциг» қанот ҳужумчиси Ян Диомандени ёзги трансфер ойнасида сотишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.
Манбага кўра, 20 ёшли футболчига «Ливерпул», «ПСЖ», «Реал», «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» қизиқиш билдирмоқда.
Ҳозирча фақат «Ливерпул» расмий таклиф билан чиққан. Мерсисайд клуби 80 миллион евро ҳамда бонуслар кўринишида яна 20 миллион евро таклиф қилган, бироқ «РБ Лейпциг» бу таклифни рад этган.
Қайд этилишича, даъвогар клубларнинг ҳеч бири футболчи учун 100 миллион евродан кўпроқ тўлашга тайёр эмас. «Лейпциг» эса Диоманде трансферидан 120 миллион евро ишлаб олиш эҳтимоли жуда паст деб ҳисобламоқда ва шу сабаб уни бу ёзда сотишни кўриб чиқмаяпти.
Вазиятни футболчининг ўзи ҳам мураккаблаштирмоқда. Диоманде ЖЧ-2026 вақтида клубни тарк этишни истаётганини маълум қилган. Шунга қарамай, «РБ Лейпциг» раҳбарияти уни камида яна бир мавсум жамоада қолишга кўндиришига ишонмоқда.