Live
5
Ўзбек

«Ҳеч нима ўзгармаган» – Илёс Зейтуллаев «Бунёдкор»даги вазият, Ривалдодан қарз ва жамоани тарк этганлар ҳақида

Эксклюзив
15 июл, 07:13
Tribuna.uz мухбири Зейтуллаев билан суҳбатда бир қатор масалалар борасида фикрларини сўради.
«Ҳеч нима ўзгармаган» – Илёс Зейтуллаев «Бунёдкор»даги вазият, Ривалдодан қарз ва жамоани тарк этганлар ҳақида
Фото: Бунёдкор ПФК

Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Илёс Зейтуллаев бошчилигида анча барқарор ва қизиқарли жамоага айланган. Бош мураббий қийин вазиятда ишлашига қарамай, жамоани ўзининг стратегияси асосида қуришда давом этяпти.

Ёзги йиғиндан кейин «Бунёдкор» қандай кўринишда бўлади? Зейтуллаев билан суҳбатда бир қатор масалалар ўрин олган.

- Илёс Бекирович, 16 июл куни «Бунёдкор» «Насаф»ни қабул қилади. Бўлажак ўйинга жамоангиз қанчалик даражада тайёр?

- Узоқ давом этган танаффусдан сўнг ўзимиз тушиб қолган иқтисодий ва руҳий вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳозирлик кўрдик. Футбол нуқтаи назаридан олиб қараганда, мураббий сифатида штабим аъзолари, массажчилар, маъмурлар ва футболчиларимиздан жуда ҳам мамнунман. Улар молиявий муаммога қарамай, бугунги кунгача катта кўламдаги ишни бажариб келишмоқда!

- Умуман айтганда, ёзги ўқув-йиғин машғулотлардан кўнглингиз тўлдими?

- Бу саволга футболчиларнинг узоқ вақтдан бери ҳаммасига сабр қилиб келаётганлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтсам, ҳа, кўнглим тўлди. Ўтган йил декабрь ва жорий йил январида қандай аҳволда бўлсак, ҳозир ҳам ҳеч нарса ўзгармаган - вазият ўша-ўша.

- Асадбек Раҳимжонов билан Шаҳбоз Умаровнинг «Бунёдкор»дан кетишгани жамоа учун жиддий йўқотиш бўлдими?

- Бу иккисидан ташқари, Итцуки Урата ва хорижлик мутахассис Сальваторе Де Мауро (таҳлилчи) нинг кетишганини ҳам йўқотишларимизга қўшиб қўйса бўлади. Уларнинг бари биз учун жуда муҳим аҳамият касб этишарди. Гарчи молиявий ҳолатимиз ҳавас қиларли даражада бўлмаса ҳам, баъзи футболчиларимиз ўтган 2025 йил декабридан буён маошларини олишмаган бўлса ҳам бундан кейин ҳеч ким жамоадан кетмайди, деб умид қилиб қоламиз.

- Айни пайтда Ривалдодан бўлган қарз туфайли клубга трансферларни амалга ошириш учун чеклов қўйилган. Шу сабаб жамоа янги ўйинчиларни таркибга жалб эта олмайди. Бу ҳолат ишингизни қийинлаштириб юбормаяптими?

- Ҳар қандай мураккаб вазиятдан ички имкониятлар учун калит сифатида фойдаланса бўлади. Ҳозир бизда ёш футболчиларга ўзларини намойиш этиш ва «Бунёдкор»га ёрдам бериш имконини ҳавола қилиш юзага келган. Ўз навбатида бу уларга профессионал футболчи сифатида ўз даражаларини оширишда асқотмасдан қолмайди.

- Сизнинг назарингизда, бугунги кунда Суперлигадаги қайси клублар ишлаш учун қулай инфратузилма ва имкониятларга эга?

- Трансферлар ва ишни аъло даражада йўлга қўйилганини инобатга олган ҳолда «Нефтчи», «Андижон», «Навбаҳор», «Пахтакор», «Динамо», «Бухоро», «Сўғдиёна» клубларини алоҳида кўрсатишим мумкин. Айнан шу жамоалар иккинчи даврада бир-бирлари билан курашишади, деб ўйлайман.

- Португал жамоасига кўчиб ўтган Садриддин Ҳасанов ҳақида нима дея оласиз?

- У биз учун 6-7 тага яқин учрашув ўтказган. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўзидан яхши таассурот қолдира олган. Ўйлайманки, «Брага»да Садриддинни яхши профессионал йўналишга йўналтира олишади.

- Агар сир бўлмаса айтинг-чи, хизматингизга бошқа клублардан таклифлар бўлиб турадими ва «Бунёдкор»да сизни нима ушлаб турибди?

- Шахсан ўзимга бирор таклиф келиб тушгани йўқ. «Бунёдкор»да эса йил охиригача мўлжалланган шартномам бор. Шу нарса ва «Бунёдкор» раҳбариятининг бой тарихга эга клубни бошқариш учун имконият бериб ишонгани, улар олдидаги мажбурият ҳисси мени ушлаб турибди!

Янги мунозара

Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда

5+ изоҳ
Муҳокамага ўтиш

Изоҳлар Telegram’да очилади

Бугунги янгиликлар