Муборакнинг «Машъал» клуби мураббийлар штабида ўзгариш амалга оширилди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар берди.
«Клубнинг амалдаги бош мураббийи Илдар Сакаев клуб техник директори лавозимига ўтказилганлиги муносабати билан жамоа бош мураббийлигига тажрибали мутахассис Сергей Лушан тайинланди.
53 ёшли мураббий Тошкент шаҳрида туғилган. У футболчилик фаолияти давомида «Пахтакор», «Навбаҳор», Россиянинг «Криля Советов» ҳамда «Ростов» клублари сафида тўп тепган.
Мураббий сифатида эса «Бунёдкор», «Сўғдиёна», «Динамо» (Самарқанд), Беларуснинг «Шахтёр» (Солигорск) ва «Шахтёр» (Петриков), шунингдек, Наманганнинг «Навбаҳор» клубларида фаолият юритган. Унинг сўнгги иш жойи «Навбаҳор» бўлиб, 2024–2025 йиллар давомида жамоани бошқарган.
«Машъал» футбол клуби Сергей Иванович Лушчанни бош мураббий лавозимига тайинлангани билан табриклайди ҳамда жамоамиз билан юксак натижалар ва улкан зафарларга эришишини тилайди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ муборакликлар Бобуржон Асқаров билан шартнома имзолагани маълум қилинганди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади