Япониянинг Аичи~Нагоя шаҳрида Пара Осиё ўйинлари давом этмоқда.
Дастлабки кун беллашувлари ўзбекистонлик парасузувчилар учун сермаҳсул ўтмоқда. Кетма-кет 2 та олтин медалдан сўнг 4 та кумуш ва 1 та бронза ҳам қўлга киритилди.
Аёллар ўртасида С13 классининг 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Мубинабону Халилова 1:00.84 сония натижа билан маррага иккинчи бўлиб етиб келиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Муслима Одилова эса 1:02.35 сония натижа билан учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалига эга чиқди.
С12 тоифасида эркаклар ўртасида 100 метрга эркин усулда сузиш дастурида Дмитрий Хорлин 55,44 сония натижа билан иккинчи бўлди.
СМ9 классининг 200 метрга комплекс усулда сузиш финалида Диас Мирманов 2:23.95 натижа қайд этди. Ўзбекистон вакили ушбу натижа билан иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медални қўлга киритди.
С8 классининг 100 метрга баттерфлай усулида сузиш финалида эса Азизбек Бойназаров 1:03.69 натижа қайд этди ва у ҳам кумуш медалга сазовор бўлди.