«Манчестер Юнайтед» 2025/26 мавсуми якунлари бўйича рекорд даражада даромад олганини маълум қилди.
30 июнда якунланган ҳисобот даврида «Манчестер Юнайтед» 677,6 миллион фунт стерлинг даромад олди ва ўтган йилги рекордни (666,5 миллион фунт) янгилади. Шу билан бирга, ўтган мавсумда манкунианликлар еврокубокларда иштирок этмаган, 2024/25 йилги мавсумда эса жамоа Европа Лигаси финалига қадар етиб борганди.
Операцион фойда 22,6 миллион фунтни ташкил этди. Ўтган йил эса клуб 18,4 миллион фунт миқдорида зарар кўрганди. Бу кўрсаткични яхшилашга операцион харажатлар ва ходимлар сонининг қисқартирилиши, шунингдек, жамоанинг АПЛдаги натижалари яхшиланиши ҳисобига эришилди.
Йиллик EBITDA кўрсаткичи (фоизлар, солиқлар, эскириш ва амортизациядан олдинги фойда) рекорд даражага чиқиб, 216,4 миллион фунтни ташкил қилди. Бу аввалги ҳисобот даврига нисбатан 18,4 фоизга кўп.
Бироқ «Манчестер Юнайтед»нинг йиллик соф зарари 43 миллион фунтни ташкил этди. Аввалги молиявий йилни клуб 33 миллион фунт зарар билан якунлаганди.
Прогнозларга кўра, кейинги ҳисобот даврида «Манчестер Юнайтед»нинг даромади 740–760 миллион фунтни, EBITDA кўрсаткичи эса 205–225 миллион фунтни ташкил қилиши кутилмоқда.
«МЮ» аввалги мавсумда рекорд даражада даромад олганини маълум қилди
Футбол
23 сентябр, 12:40
13
Клуб еврокубокларда қатнашмаса-да, 2024/25 йилги мавсумдагидан кўпроқ пул ишлади.
Foto: Getty Images
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади