Қатор манбаларнинг хабарларига кўра, Жозе Моуринио «Реал» бош мураббийлигига қайтишга яқин турибди.
Diario SPORT маълумот беришича, португалиялик мутахассис ўз штабига испаниялик собиқ футболчини таклиф қилмоқчи. Гап «қаймоқранглилар» афсоналаридан бири Раул Гонсалес ҳақида кетмоқда. Бироқ унинг «Реал»га қайтиши қийин бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Раул 1994 — 2010 йиллар давомида «Реал» шарафини ҳимоя қилган. Мадрид клуби билан форвард 16 та совринни қўлга киритган, жумладан, 3 та Чемпионлар Лигаси чемпионлиги. Умумий ҳисобда ҳужумчи жамоа сафида 741 та ўйинда майдонга тушиб, 323 та гол урган ва 137 та голли узатма етказиб берган.
Шунингдек, 2019 — 2025 йилларда Раул «Кастиля» бош мураббийи сифатида фаолият олиб борган.