Марокаш ва Сенегал ўртасида 2025 йилги Африка Миллатлар кубоги финали ғолибини аниқлаш бўйича ҳуқуқий тортишувлар давом этмоқда. Яқин вақт ичида Спорт арбитраж суди (CАS) ушбу баҳс юзасидан қарор чиқариши кутилаётганди. Бироқ ҳозир Марокаш вакиллари Сенегал томонини суд жараёнига тайинланган юристлар билан тақиқланган алоқада бўлганликда айбламоқда.
RMC Sport маълумотига кўра, ушбу ишни кўриб чиқиш учун тайинланган уч нафар CАS юристидан бири арафада Сенегал футбол федерацияси раҳбари билан шахсан телефон орқали мулоқот қилган. Регламентга биноан, ишда қатнашаётган томонларга суд жараёнидан ташқарида мазкур ишга тайинланган юристлар билан ҳар қандай алоқада бўлиш тақиқланади.
Шу сабабли Марокаш томони телефон мулоқоти юзасидан Сенегал устидан шикоят киритиши мумкин. Нашр Сенегал футбол федерацияси билан боғлиқ бир нечта манбага мурожаат қилган, бироқ уларнинг ҳеч бири бундай телефон суҳбати бўлганини тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, можаро Африка Миллатлар кубоги финалининг 90+9-дақиқасида ҳакам Жан-Жак Нгамбо Ндала Марокаш фойдасига пеналти белгилаганидан сўнг бошланган. Бунга норозилик сифатида Сенегал миллий жамоаси футболчилари майдонни тарк этган. Танаффус 15 дақиқадан кўпроқ давом этган. Кейинчалик жамоа сардори Садио Мане шерикларини майдонга қайтишга кўндирган.
Марокаш вингери Брайим Диас 90+23-дақиқада пеналтини «паненка» услубида тепган, бироқ Сенегал дарвозабони Эдуар Менди зарбани қайтарган. Қўшимча бўлимларда Сенегал яримҳимоячиси Пап Гейе гол урган.
Маълумот учун, 2026 йил март ойида Африка футбол конфедерацияси (CАФ) апелляция қўмитаси Сенегал миллий жамоасига техник мағлубият (0:3) ёзиб, чемпионлик унвонини Марокашга топширган эди. Ҳозирги ҳуқуқий тортишувлар ушбу қарор билан боғлиқ.