The Times нашри ФИФАнинг Жаҳон чемпионати ва ташкилот тасарруфидаги бошқа турнирларнинг тижорий ҳуқуқларини бир қисмини хусусий инвесторларга топшириш режаси тафсилотларини эълон қилди. Кенг жамоатчиликнинг танқидларидан сўнг ушбу лойиҳадан воз кечилган.
Гап FIFA Forward Enterprise (FFE) лойиҳаси ҳақида бормоқда. Унинг асосий мақсади ФИФА турнирларининг, жумладан, Жаҳон чемпионатининг тижорий ҳуқуқларини қисман хусусий инвесторларга топшириш эди. Июл ойида лойиҳа бўйича 25 саҳифалик ҳужжат маълум бўлган. Уни аввал Европа Суперлигасининг муваффақиятсиз лойиҳасида ҳам иштирок этган Американинг JP Morgan банки тайёрлаган.
Режага кўра, янги компаниянинг 20 фоиз акциясини америкалик инвестор Жошуа Кушнерга сотиш кўзда тутилган. ФИФА эса FFE акцияларининг камида 50 фоизини ўзида сақлаб қолиши керак эди. Манбага кўра, инвесторлар турнирлардан 96 йил давомида даромад олиш имкониятига эга бўлишлари мумкин эди. Дастлабки келишув 12 йиллик ҳуқуқлар даврини назарда тутган. Шартнома шартлари жиддий равишда бузилмаган тақдирда, ушбу муддат кейинги даврлар учун узайтирилиши мумкин эди.
FFE ташкил этилганидан саккиз йил ўтиб, компания акцияларини фонд биржасига чиқариш (ИПО) ҳам режалаштирилган. Бу директорлар ва акциядорларга ўз улушларини сотиш ҳамда фойда олиш имконини бериши керак эди. Бундан ташқари, FFE раҳбариятига компания фойдасининг 5 фоизигача миқдорда ҳақ тўлаш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг бошқарув тузилмаси ҳам батафсил ишлаб чиқилган. Унга кўра, FFE директорлар кенгаши етти кишидан иборат бўлиши керак эди. Кенгашга ФИФА президенти Жанни Инфантино раислик қилиши, шунингдек, унга ҳал қилувчи овоз бериш ҳуқуқи тақдим этилиши режалаштирилган. ФИФА бош котиби ҳам директорлар кенгашидан жой олиши лозим эди.