Live
9
Ўзбек

Колумбиялик тележурналист Tribuna.uz нашрига: «Ўзбекистон ноқулай рақиб эканлигини исботлади»

Эксклюзив
21 июн, 11:09
Ангуло Ругелес Колумбия ва Ўзбекистон баҳси ҳақида фикр билдирди.
Иззатбек Абдуваҳобов
Иззатбек Абдуваҳобов Редактор
Колумбиялик тележурналист Tribuna.uz нашрига: «Ўзбекистон ноқулай рақиб эканлигини исботлади»
Фото: Angulo Rugeles

Ўзбекистон – Колумбия ўйинидан кейин турли фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда. Жумладан, Лотин Америкасида ҳам ўзига хос таассуротлар шаклланмоқда.

Колумбиянинг «Win Sports» ва «Telemundo analyst» телевидениесининг тележурналисти Даниел Ангуло Ругелес ҳам ушбу ўйин арафасида ва ўйиндан кейин бир нечта кўрсатувлар тайёрлади.

Куни кеча Tribuna.uz журналисти Даниел Ангуло Ругелес билан боғланди ва ҳозирда барча учун долзарб мавзу бўлиб турган масалаларда суҳбатлашди.

- Ўзбекистон – Колумбия миллий жамоалари ўртасидаги ўйин сизда қандай таассуротларни қолдирди?

- Менимча, Колумбия биринчи бўлимда жуда яхши ўйин кўрсатди. Тўпни ўзида ажойиб назорат қилди ва Колумбиянинг сифати ҳамда тўпни ўзида сақлаб туриш қобиляти орқали рақибни чарчатди. Лекин танаффусдан кейин Ўзбекистон муҳим дақиқаларда гол урди. Колумбия эса иккинчи бўлимда пассив бўлиб қолди. Назаримда, Ўзбекистон миллий жамоаси танаффусда керакли тактик ўзгаришларни амалга оширишди. Шу сабабли улар иккинчи бўлимда хавфлироқ кўриндилар. Бироқ Колумбия ўйиннинг қийин пайтларида реакция бериш учун чидамлилик кўрсатди ва учрашув охирида учинчи голни уриб нуқта қўйди. Менимча, Ўзбекистон ноқулай рақиб эканлигини исботлади ва ҳисобни тенглаштириш учун имкониятларга эга бўлди. Аммо Колумбия дарвозаси олдидаги самарадорлиги охир-оқибат ўйиндаги ҳал қилувчи фарқ бўлди.

- Шу ўринда Ўзбекистон миллий жамоаси кўрсатган ўйин борасида нима дея оласиз?

- Ўзбекистон менда жаҳон чемпионати тажрибасининг йўқлиги ва ўта ҳимоявий ёндашувини қўллагани учун оғир бадал тўлаган жамоа таассуротини қолдирди. Колумбия билан таққослаганда жанговар ёндашувга тайёр эмасди. Лекин жамоангиз кўпроқ жасорат кўрсатди. Чунки улар Колумбиянинг ўйинида пассив бўлганини ҳис қилишди ва айнан ўшанда янада тажовузкор ҳужум қила бошладилар.

- Кўриниб турибдики, Луис Диаз Колумбиянинг асосий «қуроли»га айланган. У ушбу учрашувда кўплаб муаммоларни туғдирди. Колумбияни Диазсиз тасаввур қила оласизми?

- Колумбияни Луис Диазсиз тасаввур қила олмайман. У бизнинг асосий «қуролимиз». Усиз ўйнаш Колумбияни яхши даражада рақобатлашиши учун икки баробар куч сарфлашга мажбур қилади. Чунки Луис Диазни ўзи Колумбияни турлича истеъдод ва кароматлари билан тўлдиради. Унинг ўзи жуда яхши имкониятларни ярата олади. У бизнинг энг яхши ўйинчимиз. Диаз ўзи билан бирга ўйнайдиган футболчиларга ҳам, рақибларга ҳам таъсир кўрсата олади. Шунинг учун ҳозир Луис Диазсиз ўйнашни тасаввур қилишнинг иложи йўқ.

- Мазкур баҳсда сиз учун Ўзбекистон миллий жамоасининг энг яхши футболчиси ким бўлди?

- Ўзбекистон миллий жамоасида кўпчилик учун таниш бўлган футболчи шубҳасиз Хусанов. Бироқ, менимча, ҳужумдаги энг хавфли футболчи Элдор Шомуродов. Биз уни саралаш босқичидаги бешта голи ва бешта голли узатмасидан, шунингдек, Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолияти давомида 40 дан ортиқ, агар адашмасам 44 гол урганини биламиз.

Шундай бўлса-да, жаҳон чемпионатида энг муҳими индивидуал истеъдод эмас, балки жамоавий ўйин. Ҳеч бўлмаганда Колумбияга қарши дебют ўйинида Ўзбекистон жамоавий бирлик сифатида ҳали ҳам яхшиланиш учун катта имкониятларга эга эканлигини кўрсатди. Улар жамоанинг турли чизиқларини боғлашда қийналишди ва ҳужум уюштириш пайтида ярим ҳимоячилар ва ҳимоячилардан узилиш кўринди. Тўпни ҳаводан узатмаларга кўп таянишди. Менимча, Ўзбекистон Мексикадаги баландлик шароитлари туфайли бу ҳолатга унчалик мослаша олмадилар. Охир-оқибат, бу ўйинчиларининг умумий ўйинига салбий таъсир кўрсатди. Жамоада яхшиланиши керак бўлган нарсалар кўп. Назаримда, Португалияга қарши учрашувда яхшироқ ўйнай оладилар.

- Португалия Конго билан дуранг ўйнади. Бу кутилмаган натижа бўлди, шундайми?

- Дастлаб ҳа, бу кутилмаган ҳолат эди. Айниқса, бу жаҳон чемпионатида аллқачон бундай натижалар кўрсатилмоқда. Улардан бири Испания ва унинг дуранг ўйини каби бошқа кутилмаган натижалар ҳам бўлмоқда. Бироқ Конго ДР жамоасига чуқурроқ назар ташласангиз, натижани тушуниш осонлашади. Бу жамоада Англия премьер-лигасида тажрибага эга кўплаб футболчилар, шунинглек, Европа муҳитида ривожланган бир нечта ўйинчилар бор. Баъзилари Франция ёки Бельгияда туғилган, ҳатто бир нечтаси ёки улардан бири Англияда таваллуд топган. Халқаро миқёсидаги таъсир уларнинг жисмоний хусусиятлари билан бирлаштирилган. Чунки бу жуда яхши жисмоний кучга эга бўлган жамоа. Шундай экан, бу уларнинг Португалияга қарши қанчалик яхши ўйнаганидан ҳайратланмаслигимиз кераклигини англатади. Колумбия Конго ДР жамоасига қарши ўйинда фаворит. Бироқ бу қийин ўйин бўлади.

- Ўзбекистоннинг Португалияга қарши ўтадиган навбатдаги ўйинини қандай тасаввур қиляпсиз?

- Дўстим, шуни ҳурмат билан айтаманки, аввало Ўзбекистонга миннатдорчилик билдираман. Колумбияда биз Ўзбекистоннинг Португалияга қарши ўйинда содир бўлиши мумкин бўлган воқеаларга жуда мос келадиган иборани ишлатамиз. Португалия мотивацияга тўлиб ўйнайди. Чунки, агар улар охирги ўйинга Колумбия билан гуруҳда биринчи ўрин учун курашиш имкониятига эга бўлсалар, ғалаба муҳимлигини билишади. Нима бўлишидан қатъий назар ўзбекларда ўсиш бўлди, улар мундиалдаги дебют ўйинини ўтказди. Дастлабки босимга дуч келдинглар. Саҳна қўрқувини енгиб ўтдингиз ва бу даражадаги ўйинда рақобатлаша олишингизни кўрсатдинглар. Шундай бўлса-да, агар сиз ижобий натижага эришиш учун реал имкониятга эга бўлишни истасангиз, Португалияга қарши тажовузкор ва ҳужумкор ёндашувни қўллаш керак, деб ўйлайман.

Бугунги янгиликлар