«Бавария» ва Англия миллий жамоаси ҳужумчиси Ҳарри Кейн «Олтин тўп» учун овоз бериш якунларига кўра ғолиб бўлиш эҳтимоли ҳақида фикр билдирди.
Кейннинг қайд этишича, бу йилги тақдирлаш маросимининг Лондон шаҳрида ўтказилиши унинг учун алоҳида аҳамиятга эга. Англиялик ҳужумчи фаолиятидаги ушбу соврин унинг учун катта ютуқ бўлишини таъкидлади.
«Англиялик футболчилар 20 йилдан ортиқ вақт давомида «Олтин тўп»ни қўлга киритишмаган, гарчи шу даврда жуда кўплаб ажойиб инглиз футболчилари бўлган. Мен учун «Олтин тўп» учун курашда ғалаба қозониш жуда катта ютуқ бўларди. Аммо ҳозир асосий эътиборим ушбу мавсумда яна ўз даражамни намойиш этишга қаратилган», — деди Кейн «Бавария» клуб журналига берган интервюсида.
Маълумот учун, «Олтин тўп» соҳиби 26 октабр куни Лондонда ўтказиладиган тақдирлаш маросимида аниқланади. Мукофот учун номзодлар орасида Кейн ва Испания миллий жамоаси ҳужумчиси Ламин Ямал ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, Ҳарри Кейн 2023 йилдан буён «Бавария» сафида ўйнамоқда.