«Ливерпул»нинг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер солиқ идораси — HMRC олдидаги қарздорлигини тўлиқ қоплади. Бу ҳақда Liverpool.com хабар берди.
13 октябр, сешанба куни судя Николас Бриггс 48 ёшли собиқ футболчини банкрот деб топиш ҳақидаги аризани рад этди. Бунга солиқ хизмати вакилининг қарз тўлиқ тўлангани ҳақидаги тасдиғи сабаб бўлди. Судда қарзнинг аниқ миқдори ошкор этилмади.
Банкротлик тўғрисидаги ариза август ойида берилган эди. Аввалроқ Каррагернинг қарзи тахминан 750 минг фунт стерлингни, яъни қарийб бир миллион долларни ташкил этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
«Бу шахсий масала бўлиб, уни аввалроқ ҳал қилиш керак эди. Бугун қарздорликни қоплаш учун зарур чоралар кўрилмоқда», — деди Каррагер вакили.
Маълумот учун, Каррагер профессионал фаолиятининг барчасини «Ливерпул»да ўтказиб, клуб сафида жами 737 та баҳсда майдонга тушган.
Эслатиб ўтамиз, фаолиятини якунлаган собиқ ҳимоячи ҳозирда Sky Sports ва CBS телеканалларида футбол эксперти сифатида ишламоқда.