Жаҳоннинг икки карра чемпиони Кафу футбол тарихидаги энг буюк футболчилар ҳақида фикр билдириб, ўзининг рамзий тўртлигини маълум қилди.
Бразилиялик афсонага кўра, Лионел Месси, Диего Марадона, Пеле ва Роналдино бир хил даражада буюк футболчилардир.
«Булар тарихда ўчмас из қолдирган ва жаҳон чемпиони бўлган футболчилар. Улар майдонда ҳамма нарсани жуда осон бажариб юборишарди. Рақибни алдаш, зарба бериш ёки гол уриш улар учун табиий ҳолатдек кўринарди», — деди Кафу.
Собиқ ҳимоячи футболни санъат деб атади ва айнан шу тўрт футболчини футбол санъатининг энг ёрқин намояндалари сифатида кўрсатди.
«Марадона — футбол санъати. Месси — футбол санъати. Пеле — футбол санъати. Роналдино ҳам футбол санъати. Уларнинг ўйинини томоша қилиш завқ бағишлайди», — дея таъкидлади у.
Кафунинг фикрича, бу тўрт футболчини нафақат маҳорат, балки характер ҳам бирлаштиради.
«Биз Месси, Роналдино, Пеле ёки Марадонанинг майдонда муштлашганини кўрмаганмиз. Рақиблар уларни тепишарди, лекин улар ўрнидан туриб, кулиб қўйишар ва ўйнашда давом этишарди.
Улар рақибларни жанжал билан эмас, дриблинг ва голлар билан жазолашарди. Футболда айнан шу нарса бизга ёқади», — деди Кафу.
Шунингдек, бразилиялик афсона Йохан Кройфф, Алфредо Ди Стефано, Мишел Платини ва Франц Беккенбауер каби буюк футболчиларни ҳам эътироф этди. Бироқ у ўзи кўрган давр футболчилари орасида айнан Пеле, Марадона, Роналдино ва Мессини энг юқори поғонага қўйди.