ФИФА президенти Жанни Инфантино FIFA Forward Enterprise (FFE) лойиҳаси атрофидаги можаро ортидан истеъфога чақириқларга муносабат билдирди. Аввалроқ УEФА президенти Александер Чеферин ва КОНКАКАФ раҳбари Виктор Монталяни уни лавозимидан кетишга чақирган эди.
«Мени бутун дунёдаги 211 та миллий ассоциация сайлаган. ФИФА каби ташкилотда турли фикрлар ва қарашлар бўлиши табиий. Аммо демократия ва демократик жараёнга жиддий қарасак, бутун дунёдаги ҳар бир инсон тенг овоз ҳуқуқига эга ва футбол ҳаммага тегишли деб ҳисобласак, мутлақ кўпчиликнинг фикрини ҳурмат қилишимиз керак.
Яқинда Токиодан қайтдим, у ерда Осиё футбол конфедерацияси мени тўлиқ қўллаб-қувватлади. Кабо-Вердега борганимда эса Африка футбол конфедерациясига аъзо барча мамлакатлар мени қўллади. Мен бутун дунёдаги ассоциациялар билан мулоқот қилиб тураман.
Жаҳон чемпионати, унинг формати, иштирокчилар сони, квоталар тақсимоти, тақвим ва тижорий масалалар бўйича турли фикрлар мавжуд. Барчани бирлаштириш доим ҳам осон эмас, аммо ҳар хил қарашларни ҳурмат қилишимиз керак. Мен ҳам уларни ҳурмат қиламан. Якунда ФИФАга аъзо миллий ассоциациялар президент сифатида кимни кўришни ва ташкилот қандай бошқарилишини ўзлари ҳал қилади», — деди Инфантино.
Маълумот учун, вазиятнинг эътиборли жиҳати шундаки, Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Ҳалифа август ойида Чеферин ва Монталяни билан биргаликда Инфантинонинг истеъфосини талаб қилган мактубни имзолаган эди. Орадан икки ой ўтиб, ОФК унинг қайта сайланишини қўллаб-қувватлади.
Эслатиб ўтамиз, FIFA Forward Enterprise лойиҳаси атрофидаги можаро ташкилот ўз турнирларидаги, жумладан, жаҳон чемпионатидаги улушларни хусусий инвесторларга сотишни режалаштиргани ҳақидаги хабарлар ортидан бошланган. Кейинчалик лойиҳадан воз кечилган. ФИФА президентлигига навбатдаги сайловлар 2027 йил март ойига белгиланган.