«Барселона»да 18 ёшли ҳужумчи Ҳамза Абдулкаримнинг фаолиятига ижобий баҳо берилмоқда. Diario Sport хабарига кўра, жамоа бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик ёш футболчининг машғулотлардаги меҳнати ва ўз вазифаларига муносабатидан мамнун.
Манбага кўра, Абдулкарим ушбу мавсумда асосий жамоа сафида деярли майдонга тушмаётган бўлса-да, мураббий унинг машғулотларда ўзини кўрсатишидан мамнун. Мисрлик ҳужумчи жамоадаги ролини қабул қилган ва зарурат туғилса, «Барселона»нинг иккинчи жамоасига ҳам ёрдам беришга тайёр.
Абдулкарим ушбу мавсумда Испания чемпионати доирасидаги атиги иккита баҳсда майдонга тушган. Унинг умумий ўйин вақти бор-йўғи 12 дақиқани ташкил этади.
Маълумот учун, Ҳамза Абдулкаримнинг «Барселона» билан меҳнат шартномаси 2030 йил ёзигача амал қилади.