Бугун
14
Ўзбек

«Фенербаҳче» Рашфорд учун рекорд таклиф тайёрламоқда

Футбол
4 август, 01:58
Туркия гранди англиялик ҳужумчини ёзнинг энг катта трансферларидан бирига айлантирмоқчи.
«Фенербаҳче» Рашфорд учун рекорд таклиф тайёрламоқда
Решфорд жаҳон чемпионатида.

«Фенербаҳче» «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Маркус Рашфордни ўз сафига қўшиш учун катта молиявий таклиф тайёрламоқда. The Sun хабарига кўра, турк клуби 28 ёшли футболчини ёзги трансферлар ойнасидаги асосий мақсадларидан бири сифатида белгилаган.

Манба маълум қилишича, Рашфорд «Фенербаҳче»нинг уч нафар асосий номзодидан бири ҳисобланади. Рўйхатдан шунингдек, «Милан» қанот ҳужумчиси Рафаэл Леау ҳамда «Кристал Пэлас» форварди Исмаила Сарр ўрин олган. Клуб аввал Леау бўйича музокаралар ўтказган, аммо томонлар ҳозирча келишувга эриша олмаган. Шунингдек, Сарр вакиллари билан ҳам алоқа ўрнатилган.

Нашрнинг ёзишича, «Фенербаҳче» Рашфорд вакиллари билан ҳам дастлабки мулоқотни бошлаган. Янги бош мураббий Исмоил Картал қўл остида рақобатбардош таркиб шакллантиришни мақсад қилган клуб раҳбарияти Англия терма жамоаси аъзосини энг муҳим трансферлардан бири сифатида кўрмоқда.

Рашфорд ўтган мавсумни ижара асосида «Барселона»да ўтказди. Каталония клуби уни тўлиқ сотиб олмаслигини маълум қилди. Жамоа бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик англиялик ҳужумчининг жамоани тарк этишидан афсусдалигини билдирган эди. Футболчи эса Жаҳон чемпионати тугагач, келажаги борасида шошилмасдан қарор қабул қилишни режалаштирмоқда.

Ҳозирча ушбу трансфер бўйича расмий музокаралар ёки келишув ҳақида маълумот йўқ. Бироқ манбага кўра, агар Рашфорд Туркияга кўчиб ўтишга розилик берса, «Фенербаҳче» унинг трансфери учун клуб тарихидаги энг йирик сармоялардан бирини амалга оширишга тайёр.

Бугунги янгиликлар