Эрон миллий жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этмаслиги мумкин. Бу ҳақда ESPN хабар берди.
Бундай ҳолат юз берса, унинг ўрнини катта эҳтимол билан Осиё футбол конфедерациясидан бошқа жамоа эгаллайди. Эрон ўрнига энг асосий номзод сифатида Ироқ миллий жамоаси кўрилмоқда.
31 март куни ироқликлар қитъалараро плей-офф финалида Боливия — Суринам жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади. Агар Ироқ ушбу баҳсда мағлуб бўлса, жаҳон чемпионатига Эрон ўрнига айнан шу жамоа йўлланма олиши мумкин.
Агар Ироқ плей-офф орқали турнирга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритса, навбатдаги номзод сифатида Бирлашган Араб Амирликлари миллий жамоаси кўриб чиқилади. БАА Осиё қитъасининг саралаш босқичи финалида Ироққа мағлуб бўлган ва ОФК жамоалари орасида кейинги навбатда турибди.
Аввалроқ Эрон спорт вазири миллий жамоани жаҳон чемпионатида иштирок этмаслигини маълум қилганди.