Эрон футбол федерацияси 2026 йилги жаҳон чемпионатида миллий жамоа ўйинларини АҚШдан Мексикага кўчириш масаласида FIFA билан музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда AFP агентлиги Эроннинг Мексикадаги элчихонасига таяниб хабар берди.
Элчихонанинг X ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотда федерация раҳбари Меҳди Тож шундай деган: «АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон миллий жамоаси хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини очиқ айтганидан кейин, албатта, биз Америкага бормаймиз.
Айни пайтда FIFA билан жаҳон чемпионатида Эрон миллий жамоаси ўйинларини Мексикада ўтказиш бўйича музокара олиб бормоқдамиз».
Ўтган ҳафта Трамп Эрон миллий жамоаси турнирга «ўз ҳаёти ва хавфсизлиги учун» бормаслиги кераклигини таъкидлаганди.
Маълумот ўрнида, эронликлар мундиалда G гуруҳидан жой олган. Ушбу гуруҳда Белгия, Миср ва Янги Зеландия жамоалари ҳам бор. Жамоа Янги Зеландия ва Белгияга қарши Лос-Анжелесда, Мисрга қарши эса Сиэтлда майдонга тушиши керак.
Агар жамоа турнирда иштирок эта олмаса, FIFA унинг ўрнига бошқа жамоани қидиришга мажбур бўлади. Эҳтимолий номзодлар сифатида Ироқ ва БАА миллий жамоалари кўрсатилмоқда.