Хитойнинг Ордос шаҳрида ўтаётган енгил атлетика бўйича U23 ёш тоифасидаги Осиё чемпионатининг учинчи куни Ўзбекистон миллий жамоаси учун муваффақиятли якунланди.
800 метр масофада чемпион бўлган Жонбиби Ҳукмова бу сафар 400 метрга югуриш баҳсларида ҳам барча рақибларини ортда қолдирди. У 51,19 сония натижа қайд этиб, мусобақадаги иккинчи олтин медалини қўлга киритди.
Шунингдек, 400 метрга тўсиқлар оша югуриш дастурида Нурхон Очилова 57,99 сония натижа билан маррага етиб келиб, кумуш медал соҳибига айланди.
Шу тариқа, учинчи мусобақа кунидан сўнг Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин ва 4 та кумуш медал билан умумжамоа ҳисобида Хитой ҳамда Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон миллий жамоасининг совриндорлари:
Олтин медаллар:
Жонбиби Ҳукмова — 400 метр
Жонбиби Ҳукмова — 800 метр
Валерия Горбатова — баландликка сакраш
Кумуш медаллар:
Нурхон Очилова — 400 метрга тўсиқлар оша югуриш
Барнохон Сайфуллаева — баландликка сакраш
Айюбхон Фаёзов — босқон улоқтириш
Иброҳим Маҳкамов — уч ҳатлаб сакраш